Украинадаги урушдан кейин тузиладиган бўлажак тинчлик шартномасида Россия қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиш банди ҳам бўлиши керак. Грузия президенти Саломе Зурабишвили Bloomberg агентлиги билан суҳбатда шундай фикрни илгари сурди.
“Россия ўз чегаралари қаерда тугашини билиши керак. Грузия масалалари ҳам ҳисобга олиниши, зарур, шунингдек, ҳеч ким Россия босиб олинган барча ҳудудлардан чекинмасдан туриб бу уруш тугаши мумкинлиги ҳақида ўйламаслиги керак”, — деди Зурабишвили.
Унинг сўзларига кўра, акс ҳолда Ғарб “2008 ва 2014 йиллардаги каби яна бир катта хатога йўл қўяди”.
Грузия президенти Россия “бутун урушда бўлмаса ҳам, жангларда деярли мағлуб бўлган”ига ишонч билдирди.
Абхазия ва Жанубий Осетия 1990 йиллар бошида СССР парчаланиши фонида ўз мустақиллигини эълон қилганди; ўшандан бери Грузия бу ҳудудларни назорат қилмаган.
2008 йилда Грузия ва Россия ўртасидаги беш кунлик урушдан сўнг, Москва ўзини ўзи республика деб эълон қилган икки ҳудуднинг мустақиллигини расман тан олди. Жаҳон ҳамжамияти бунга қарши бўлди — ўшандан бери Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини БМТга аъзо тўрттагина давлат тан олган.
Грузия Абхазия ва Жанубий Осетияни расман Россия босиб олган ҳудудлар деб билади. Россия ҳукумати ҳудудларни ўз таркибига киритиш ниятини очиқ эълон қилмаган бўлса-да, де-факто, улар тўлиқ Москва назорати остида.