Исроил Украинага ҳарбий ёрдам беришни истисно этмаяпти. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Исроил Киевга ҳарбий ёрдам бера оладими, деган саволга Нетаняху бундай вариант “сўзсиз, кўриб чиқилаётганини” айтди.
Аввал Исроил Киевга фақат инсонпарварлик ёрдами билан чекланиши ҳақида расман таъкидлаган. Энди бўлса Нетаняху Исроил Украинага “Темир гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизимларини етказиб бериш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, Исроил бош вазири Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди ва бунинг учун иккала томон, шунингдек, АҚШнинг ҳам розилиги кераклигини айтди.
Нетаняхунинг сўзларидан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова қурол-яроғ етказиб беришга ҳар қандай уринишлар, ҳатто бу шунчаки ният даражасида қолса ҳам, “инқирознинг кучайишига олиб келиши” ҳақида огоҳлантирди.
Исроил уруш бошиданоқ Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралади, бироқ Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмади. Исроил расмийлари шунингдек, Киевга қурол-яроғ билан ёрдам беришдан бир неча бор бош тортди, фақат гуманитар ёрдам кўрсатди.
Норасмий равишда, Исроилнинг ҳарбий ёрдамдан бош тортиши ўз хавфсизлигидан қўрқиш билан изоҳланган: мамлакат расмийлари бунга жавобан Россия Суриядаги кучларни қўллаб-қувватлашни ошириши ва Сурия—Исроил чегарасида қўшимча кескинликни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайди.
“Темир гумбаз” тизими Исроилни Фаластиндан отиладиган ракеталардан муваффақиятли ҳимоя қилиб келмоқда. Тизим 2011 йилда ишга туширилган.