Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шуайиб Биринжи билан видеомулоқот ўтказди.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари билан видеомулоқотда тиббиёт соҳаси бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистонда халқаро тажриба асосида давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этишга киришилган. Биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга ошириляпти. 2023 йилдан бошлаб бу механизм Тошкент шаҳрида ҳам йўлга қўйлади. Шунингдек, янги тизим Навоий вилоятида татбиқ этилиши режалаштирилган.
Ана шу ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида Туркиядан энг тажрибали мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш мақсад қилинган. Шу билан бирга, тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимига илғор ўқитиш методикаларини татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари юқорида келтирилган йўналишларда Ўзбекистон билан ўз тажрибаларини алмашишга тайёр эканини маълум қилди. Томонлар келишувига мувофиқ, яқин кунларда туркиялик етакчи мутахассислар мамлакатга ташриф буюради. Улар соҳани рақамлаштириш, тиббий суғурта тизимини кенг жорий этиш, тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш жараёнига яқиндан кўмаклашади.
Изоҳ (0)