Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 21 декабрь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.
Президент матбут хизматининг хабар қилишича, «Тошкент» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Давлат раҳбарлари бир-бирларини самимий қутлаб, қисқа суҳбат ўтказди. Шундан сўнг Қозоғистон етакчиси «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, анъанага кўра, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев мажмуа меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари билан батафсил танишди.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокараларда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинади. Саммит кун тартибидан Ўзбекистон—Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни илгари суриш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш каби асосий масалалар ўрин олган.
Давлат раҳбарлари бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериши режалаштирилмоқда. Учрашувлар якунида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)