Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Бизда фуқароларнинг эътиқодига ҳеч қандай тақиқ йўқ», – деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 15 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шоҳрух Ғиёсов

Шоҳрух Ғиёсов
Фото: «Дарё»

Тадбирда журналистлардан бири ИИВ масъулидан соқол бўйича рейдлар тўғрисида сўраган. Унинг айтишича, ижтимоий тармоқларда ИИВ ходимлари фуқароларни мажбурлаб соқолини олдириш ҳолатлари кўп муҳокама қилинади. Хусусан, Тошкент шаҳридаги «Малика» бозорида ҳам шундай воқеа содир этилгани мисол келтирилди.

«Эркакларга соқол қўйиш бўйича бирор чеклов ёки тақиқ борми», – дея сўради журналист.

Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, соқолга тақиқи йўқ ва ундай рейдлар ИИВ ходимлари томонидан умуман ўтказилмаган.

«Бизда фуқароларнинг эътиқодига ҳеч қандай тақиқ йўқ. «Малика» бозорида юз берган ҳолат ўтган йили ёзда бўлганди. У ердан жиноятга алоқадор шахслар олиб чиқилган. Яъни дўконда жиноят содир этилган, ака-укалар бир бирини пичоқлаган. Шу жиноятга алоқадор бўлган шахслар олиб чиқилган. Биз ўша вақтда муносабат билдирганмиз.

Агар фуқароларда конституцион ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида эътироз бўлса, албатта, шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Сиз айтган ҳолатлар бирор марта бўлгани йўқ. Ҳеч қандай тақиқ йўқ», – деди ИИВ матбуот котиби.

«Малика» бозорида нима бўлган эди?

Шайхонтоҳур туманидаги «Малика» савдо масканида ўнлаб эркаклар ИИБ биносига олиб келиниб, уларнинг соқоли мажбуран олдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ бу хабарларга жавобан, фуқаролар соқолини ҳеч ким мажбуран қирмаганини билдирган.

«Шайхонтоҳур туманидаги «Малика» деб номланмиш савдо масканида бўлиб ўтган ҳодисага тўхталсак. Дарҳақиқат, у ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳануз рўй бериб туради ва ушбу савдо масканида расман ва норасман ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолишган. Суҳбатга таклиф этилганлар соқоли бор ёки йўқларга ажратилмаган, аммо таъкидлаш жоизки, соқоллилар у ерда кўпчиликни ташкил этади.

Алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаларидаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган. Деярли барча ушбу илтимосни тўғри тушунди. Кўплар соқол қўйиб юриш улар учун муҳим эмаслигини, балки вақт йўқлиги, модага тақлид қилиш ва бошқа сабабларга кўра соқолларини олмаганларини маълум қилишди», – дея маълум қилган ИИББ.

Муносабатда шунингдек, юқоридаги ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги келтирилган.

«Бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўриндир», – дея тушунтирган ИИББ.

Изоҳ

Zuhriddin

16.12.2022, 12:50

O‘ziz ishonasizmi shunga ???

Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди