Эронда тартибсизликлар иштирокчиси икки нафар хавфсизлик кучлари ходимига ҳужум қилиш ва уларни ўлдиришда айбдор деб топилди. Бугун, 12 декабрь куни айбланувчи осиш орқали қатл қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ISNA агентлиги хабар бермоқда.
Унинг маълумотларига кўра, ҳодиса Машҳад шаҳри яқинида юз берган. Эркакнинг исми Мажидризо Раҳнаворд бўлиб, тергов версиясига кўра, у икки нафар хавфсизлик кучлари ходимини пичоқ билан яралаб ўлдирган. Шундан кейин, гўёки, у тўрт кишини жароҳатлаб, сўнг қочиб кетган. У мамлакатни тарк этишга уриниш чоғида қўлга олинган.
8 декабрь куни Эрон ҳукуматга қарши тартибсизликларда айбланган биринчи намойишчини қатл қилгани хабар берилган эди. Айбланувчи Моҳсин Шекарий 8 декабрь куни эрталаб осилган. У «қўзғолон кўтаришда», Теҳрондаги асосий йўлни тўсиб қўйишда ва «Басиж» қаршилик кучлари аъзоси ёрдамида ҳужум қилишда айбланган.
Эронда 17 сентябрдан бери давом этаётган намойишларда 18 000 га яқин одам ҳибсга олинди. Ҳозиргача олти киши ўлимга ҳукм қилингани маълум. 469 нафар намойишчи ва 61 нафар хавфсизлик кучлари аъзоси эса ўлдирилган.
Сентябрь ойининг охирида Эронда 22 ёшли Маҳса Амини ҳижобни «нотўғри» ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этиши ортидан норозилик намойишлари бошланди. Улар бутун мамлакат бўйлаб ҳалигача давом этмоқда. Намойишлар куч тузилмалари томонидан шафқатсизлик билан бостирилмоқда.
Тартибсизликлар оқибатида, Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши маълумотларига кўра, аллақачон 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ислом инқилоби посбонлари қўмондони Сердар Гажизода 300 нафар қурбон ҳақида, Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса 448 нафар қурбон ҳақида маълум қилган.
Эрон олий етакчиси Али Ҳомейний аввалроқ намойишлар АҚШ ва Исроил томонидан режалаштирилганини айтганди. Америка президенти эса ноябрда Вашингтон «Эронни озод қилиши» ҳақида гапирганди. Бунга жавобан, Раисий Эрон 43 йил аввал — 1979 йилги Ислом инқилоби чоғида озод этилганини таъкидлаган.