Қозоғистонда инфляция «сўнгги 14 йил ичида тарихий энг юқори даражага етди» – 19,6 фоиз. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.
«Албатта, бундай ҳолат аҳоли турмуш даражаси ва даромадларига ўта салбий таъсир кўрсатади», — деди у. Тўқаевнинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш 4,6 фоиздан 2,7 фоизгача пасайган.
Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов «геосиёсий кескинликнинг кучайиши, рекорд даражадаги глобал инфляция, логистика алоқаларининг узилиши ва айрим товарларни қўшни давлатларга экспорт қилишнинг вақтинчалик чекланиши»ни инфляцияга таъсир кўрсатган асосий омиллардан деб атади.
«Ҳукумат инфляцияга қарши курашмоқда», — дея ишонтирди бош вазир. Унинг айтишича, хусусан, ички бозорда маҳаллий товарлар улушини ошириш ва чакана савдони қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Қозоғистон Миллий банки маълумотларига кўра, ноябрь ойида йиллик инфляция 19,6 фоизга етган. Регулятор базавий ставкани йилига 16,75 фоизга оширди.