Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи икки журналист Facebook’даги саҳифаларида уларнинг яшаш манзилларига ички ишлар органлари ходимлари бориб, мессенжерда қолдирилган баъзи пост ва изоҳлар юзасидан «гаплашиб олиш» кераклиги, бунинг учун ИИБ бўлимига бориш зарурлигини айтгани ҳақида ёзмоқда.

«Дарё» мазкур ҳолат юзасидан журналистлар билан боғланди, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовдан расмий муносабат олди.

Коллаж: Facebook

Коллаж: Facebook

Хусусан, журналист Инобат Аҳатова 8 декабрь куни ота-онасидан (Самарқанд вилояти Нарпай тумани) қўнғироқ бўлгани, унга кўра, уйга ички ишлар ходими келиб, онасини туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига олиб кетганини маълум қилган.

Кеча бир ҳолат бўлди. Хонада ўтирсам, қишлоқдан телефон жиринглади. Олсам, ойимнинг хавотирли овози. Тинчмисан, аҳволинг яхшими, ишинг тинчми, деб сўраб кетди. Яхши ҳаммаси, нима гап десам, ота-онамни туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (паспорт стол)га чақиришганини айтди. Саломатлиги сабаб дадам бора олмаган, онам бориб келибди.

Қисқаси, ойимнинг айтишича, ИИБ ходими (ўзини таништирмабди, онам ҳам шошганидан сўраш эсдан чиққан) ойим билан Facebook’даги постларим бўйича гаплашибди. Нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган, нимага унақа, каби саволлар. Ота-онам ёши катта инсонлар, ижтимоий тармоқларни кузатмайди. Табиийки, ойим айнан қайси постимни назарда тутишганини унчалик тушунмаган. Фақат сал-пал эслагани анча вақт аввалги постлар, соқол, диний мавзудаги фикрлар бўлган (қизиғи, бу мавзулар ҳақида деярли умуман ёзмайман ҳам). Суҳбат сўнгида телефон рақамимни олишган, хавотирга ҳожат йўқлиги ҳам айтилган.

Бироқ барибир узоқдаги оилам учун ёқимсиз, хавотирли кун бўлди. Зўрға тинчлантирдим, менда ҳаммаси яхшилигига ишонтирдим.

Умумий воқеа ҳақида билсам-да, нега бундай бўлганини, очиғи, тушунмадим. Нимага чақиришди, нега постларни ёзган мен эмас, ота-онам чақириляпти, айнан қайси постларим уларга ёқмабди, гап эски постлар ҳақида бўлса, нега айнан кеча шошилинч чақиришган, мақсадлари нима бўлган? Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими?

Телефон рақамимни олишган, лекин бир кун ўтса-да, улардан ҳеч ким телефон қилмади, вазиятни изоҳламади. Айтмоқчи бўлган гапим: мен ҳозир 27 ёшдаман. Ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзимдан сўранг.

Facebook’га келсак, у ерда мен шахсий фикрларимни конституцияда кафолатланган фикрлаш, сўз эркинлиги ҳуқуқимдан фойдаланиб ёзаман. Бировнинг эркинлиги, шаънига дахл қилмаган ҳолда, албатта. Кеча, 2022 йил 8 декабрь конституция куни санаси мен учун шундай воқеалар билан эсда қолди. Ноаниқлик, саволлар, яқинларимнинг хавотирлари, — дейилади постда.

 

Шунингдек, яна бир журналист Шоҳруҳ Ҳайдаров эрта тонгдан унга ҳам қўнғироқ бўлгани ва ўзини ИИБ тергов-қидирув бўлимидан деб таништирган шахс у билан гапламоқчи экани ҳақида ёзган.

Эрталабдан уйдан қўнғироқ бўлди, бу гал бегона рақамдан фақат. Кўтарсам, ички ишларданман, уйингга келдим, қаердасан, қачон келасан, гаплашиб олишимиз керак, деди бир нотаниш эркак. Тинчликми, ким бу ўзи, десам, ИИБ тергов-қидирув бўлимиданман, Facebook’да бир изоҳ қолдирибсан, шунга дея жавоб қайтарди.

Ана, бошланди буёғи. Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб, алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларининг тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди!

Кулгилиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки, профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб. Тошкентда яшайди, шу ерга чақир ишинг бўлса... Умуман, қаерда ёзилган изоҳ учун алоҳида чақиртириш борлиги?! Қайси изоҳимлигига аниқлик киритмади-ю, кимнинг постлигини айтди, эсга тушди.

Дўстларим, яқинларим сиёсатга, бировнинг ҳаётига хавф соладиган, изоҳ ёзмаслигим, тасдиқланмаган маълумот тарқатмаслигимни яхши билишади. Бу ҳолат Инобат Аҳатовада ҳам бўлибди. Кимдир изоҳ берадими? — дейилган постда.

«Дарё» интернет нашри журналистларнинг ИИБ биносига чақирилгани сабаби билан қизиқиб, Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди.

Масъул айни пайтда ҳар икки ҳолатга аниқлик киритиш учун Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани ички ишлар бўлими ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри Ички ишлар бошқармаси масъуллари билан ушбу масала юзасидан суҳбатлашиб, ҳолатга аниқлик киритаётганини қўшимча қилди. Ғиёсов тез орада бу масала юзасидан батафсил маълумот берилишини билдирди.

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова эса ҳолат бўйича ўз муносабатини билдириб ўтди.

Бу ерда жуда ғалати ишлар бўляпти. Журналист Инобат Аҳатова Facebook’да ёзган постлари учун ўзи эмас, ота-онаси ички ишлар бўлимига чақирилгани (нимагадир Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига), у ерда онасига Инобатнинг Facebook’даги постлари юзасидан саволлар берилганини айтмоқда. Бу нима — англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган — шу каби саволларга жавоб керак, — деб ёзади Соатова.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
“Ўтган йил давомида ички ишлар ходимлари билан боғлиқ 644 та салбий видео тарқалган” — Шоҳрух Ғиёсов