Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан 2022 йил ноябрь ойи учун Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгариши таҳлил қилинди.  

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳри бўйича уй савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 8 фоизга (7 814 тадан 8 408 тага) ошган. 

Мазкур даврда 1 квадрат метр учун нархлар ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йил ноябрда 849 доллар бўлган бўлса, 2022 йил ноябрда 1 078 долларга етди. 

Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида 1 кв метр учун уй нархлари ўртача кўрсаткичдан (1 078 доллар) сезиларли даражада юқори ҳисобланади. Хусусан: 

  • Мирободда — 1 285 доллар (+20 фоиз); 
  • Яккасаройда — 1 178 доллар (+ 9 фоиз); 
  • Шайхонтоҳурда — 1 144 доллар (+6 фоиз); 
  • Мирзо Улуғбекда — 1 137 доллар (+6 фоиз); 
  • Юнусободда — 1 117 доллар (+ 4 фоиз).  

Маълумот учун: 2022 йил 9 ойида Тошкент шаҳри бўйича ўртача иш ҳақи 5,9 миллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 32,5 фоизга ўсган. 

Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этганини ҳисобга олинса, реал иш ҳақи даромадлари 20,3 фоизга ошган. Сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 1 0672,30 сўмдан 1 0973,39 сўмга (2,8 фоиз) ўзгарган. 

2022 йил ноябрь ойида ўртача таъмирланган 2 хонали уй нархи ўртача ҳисобда 55,7 минг долларни ташкил этди (2021 йил ноябрда — 41,6 минг доллар). 

Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талабнинг ошиши, бир томондан, яшаш учун ижтимоий инфратузилманинг нисбатан яхшироқлиги билан изоҳлаш мумкин. 

Фото:

Фото: "Дарё"/ Мадина Нурман

Шунингдек, пойтахтда туғилиш коэффисиенти ҳам сезиларли даражада ошди. Яъни, Тошкентда бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 2010 йилда 1,99 нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 3,02 нафарга етди. 

Мазкур кўрсаткич ҳам оиланинг кенгроқ майдонга эга хонадонга кўчиб ўтиш истагини шакллантиришда аҳамиятли бўлиши мумкин.

ПМТИ томонидан 2022 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори эканлигини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилганда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25—45 ёш оралиғида бўлган 3 нафар ва ундан кўп фарзандлари бор 200 нафар аёл иштирок этди. 

Сўров натижаларига кўра фарзанд кўришга қарор қилишдаги асосий сабаблар сифатида саломатлиги (43,8 фоиз) ва оилавий шароитининг яхшиланиши (47,9 фоиз) кўрсатилган.

Уй бозорида нархлар ошиб бораётган бир шароитда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат дастурлари кўламининг кенгайтирилиши уй бозоридаги фаолликнинг сақланиб қолаётганига асосий сабаб бўлмоқда. 

2022 йил 9 ойида банклар томонидан аҳолига 10,3 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Бу эса 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 68 фоизга кўпроқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маълумотларига кўра, 2020 йил тўртинчи чоракдан 2022 йил учинчи чораккача бўлган даврда берилган ипотека кредитларининг 73,1 фоизи Молия вазирлиги маблағлари, 16,8 фоизи банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

ПМТИ олдинги шарҳида Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг тез суръатларда ўсишини мазкур бозорнинг спекулятив хусусиятга эга эканлиги билан изоҳлаган эди. 

Талаб томондан, фарзандлар сони, даромад ва миграция факторларидан ташқари, уй нархларининг ошиб бораётганлиги аҳолининг жамғармаларини инвестицияларга йўналтириш бўйича молиявий инструментларнинг чекланганлигидан далолат беради. 

Яъни, Ўзбекистонда капитал бозорининг ривожланмаганлиги узоқ муддатли жамғармаларга эга аҳоли қатламининг ортиқча маблағларини уй-жой учун инвестицияларга йўналтиришларига сабаб бўлмоқда. 

Шу билан бирга глобал миқёсда уй-жой нархлари тушиши кузатилмоқда. Бунинг сабаблари яшаш учун бирламчи харажатларнинг ошганлиги, фоиз ставкасининг кўтарилиши ва ишсизлик даражасининг ошиши кабилар билан изоҳланади.

Изоҳ: Ушбу таҳлил учун маълумотлар «www.olx.uz» сайтидан веб-скрепинг (web-scraping) усули ёрдамида олинган. 2020—2022 йиллар учун тўпланган 113,5 мингта кузатув ўрганилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Туркия ва Суриядаги зилзила нега ҳалокатли оқибатларга олиб келди?
Маҳаллий
“Қардошларимизга ҳамдардмиз”. Ўзбек жамоатчилиги Туркиядаги зилзилага муносабат билдирди
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув бўйича қарорни имзолади