Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон учун Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш мутлақ устувор вазифа. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов хусусий сектор вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Бадриддин Обидов

Бадриддин Обидов
Фото: «Дарё»

Бадриддин Обидовнинг айтишича, сўнгги 3 йил ичида республика ЖСТга аъзо бўлишга қаратилган фаолиятни қайта тиклади ва жараённи сезиларли даражада олдинга сурди.

Биз учун ЖСТга қўшилиш мутлақ устувор вазифа ҳисобланади. Биз бу жараёнга Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий ҳамжамияти ва кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашувига қаратилган ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида қараймиз. Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида мазкур ташкилот билан ишлаш тизими яратилди, яъни Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раҳбарлигида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссияси шакллантирилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари бошчилигида музокаралар гуруҳи ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар масъул ходимларидан иборат 10 та тематик ишчи гуруҳ таркиблари ташкил этилди.
Маълум қилинишича, тематик ишчи гуруҳлар қуйидаги йўналишларда фаолият олиб бормоқда:
  • товарлар бозорига кириш;
  • хизматлар бозорига кириш;
  • қишлоқ хўжалиги;
  • савдодаги техник тўсиқлар;
  • санитария ва фитосанитария чоралари;
  • интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари;
  • божхона масалалари ва савдони соддалаштириш;
  • субсидиялар ва давлат савдо корхоналалари;
  • Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш;
  • ЖСТга аъзо бўлиш оқибатларини ўрганиш.
Бадриддин Обидовнинг қўшимча қилишича, ЖСТга қўшилишнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги бўйича қатор тадқиқотлар ҳам бор.

«Бундай хавфларни қатъий музокаралар ва алоҳида секторлар учун қўшилиш оқибатларини чуқур ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш орқали бартараф этиш имкониятлари мавжуд. Юқоридагиларни англаган ҳолда етакчи халқаро ва миллий экспертларни жалб қилиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигидан келиб чиқадиган салбий оқибатларини баҳолаш ва минималлаштириш бўйича бир қатор илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, металлургия, кимё ва бошқа тармоқлар учун ташкилотга аъзо бўлиш оқибатларини баҳолашга қаратилган тадқиқот лойиҳалари шулар жумласидандир. Шу билан бирга, биз музокаралар жараёнида илғор тажрибаларни тўплаш ва қўллаш мақсадида бошқа мамлакатларнинг қўшилиш тажрибаларини ўрганиш бўйича доимий равишда тизимли ишлар олиб бормоқдамиз», – деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун фаол музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Охирги 100 йил ичида содир бўлган дунёдаги энг кучли 10 та зилзила (видео+фото)
Дунё
Польша бош вазири Украинадаги уруш учинчи жаҳон урушига айланишини прогноз қилди
Маҳаллий
Ўзбекистонда доллар курси яна ошди