2022 йилнинг дастлабки 9 ойида 38 мингдан ортиқ беморга 301 млрд сўмлик тиббий хизмат кўрсатилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ахборот хизмати раҳбари Сайёра Шоева маълум қилди.
Президентимизнинг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини стандартлар асосида баҳолаш, ажратилган маблағлар самарадорлигини назорат қилиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига юклатилган.Унга кўра, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 26 та ихтисослаштирилган тиббиёт муассаси ўтказилди. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳозирда ушбу марказлар, 52 та ҳудудий тиббиёт муассасаси ҳамда 28 та хусусий клиника билан шартнома тузган.
Мазкур тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам учун сарфланган харажатларни жамғарма бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берди. Беморлар давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига қулайини танлаш ва тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш имконига эга.
Ушбу тиббиёт муассасаларида беморларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими йўлга қўйилган. Йўлланмалар ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади ва беморлар даволанишига навбати ҳақидаги ахборотдан хабардор бўлиб туради.
Шу тартибда жорий йилнинг 9 ойида 38 минг нафардан кўпроқ беморга 301 миллиард сўмлик тиббий хизмат кўрсатилди. Жумладан, ҳудудий тиббиёт муассасаларида даволанганлар сони қарийб 3 минг, хусусий клиникаларда эса сал кам 230 нафар бемор даволанди.
Жамғарма ходимлари беморларнинг ёшлари билан боғлиқ мониторинг ҳам ўтказмоқда. Унга кўра, ҳозирга қадар даволанган беморларнинг 51 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар, 26 фоизини 18 дан 60 ёшгача, 23 фоизини эса пенсия ёшидагилар ташкил этди.
Мамлакатимизнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш борасида келгуси беш йиллик учун муҳим вазифа ва мақсадлар белгиланган. Уларга эришиш учун эса ҳар биримиз масъулдирмиз.
Сайёра Шоева, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ахборот хизмати раҳбари
Изоҳ (0)