Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари Қрим кўпригидаги терактни уюштиришда гумонланувчиларни аниқлашга муваффақ бўлган. Бу ҳақда Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин мамлакат президенти Владимир Путин билан учрашув чоғида маълум қилди, у «Россия 24» телеканали орқали трансляция қилинди, деб ёзади «РБК».
«Биз портлаб кетган юк машинасининг йўналишини аниқладик, бу — Болгария, Грузия, Арманистон, Шимолий Осетия, Краснодар ўлкаси. Бундан ташқари, ташувчилар, ҳаракатни уюштиришда қатнашган шахслар аниқланди… ФХХ ходимлари ёрдамида терактни уюштирганликда гумонланувчилар аниқланди», — деди Бастрикин. Унинг сўзларига кўра, тайёргарлик ишларида чет мамлакатлар фуқаролари ёрдам берган.
Унинг таъкидлашича, Қрим кўпригидаги портлаш «шубҳасиз, террористик хусусият касб этади, бу террорчилик ҳаракати». Тергов қўмитаси раҳбари қайд этишича, суриштирувнинг дастлабки маълумотлари портлашни Украина махсус хизматлари уюштирган, дейиш имконини беради. Уларнинг мақсади «фуқаролик инфратузилмасининг йирик объектини йўқ қилиш»дан иборат бўлган.
«Шубҳасиз, бу Россия Федерациясининг ўта муҳим фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилишга қаратилган терактдир, — дея унинг фикрига қўшилди Путин. — Муаллифлар, ижрочилар, буюртмачилар — Украина махсус хизматлари».
Портлаш Украина хавфсизлик хизмати операцияси бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳодисадан кейин кўп ўтмай ОАВларда пайдо бўлган эди. Хусусан, бу ҳақда «Украинская Правда» ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб хабар берган, The New York Times исми сир қолишни истаган украиналик юқори мартабали амалдорга асосланиб ёзган.
Украина махсус хизматлари Қрим кўпригидаги портлаш учун жавобгарликни расман зиммасига олганича йўқ. Бироқ Украина Мудофаа вазирлиги Қрим кўпригидаги ҳодиса юзасидан изоҳ бериб, Twitter’да қуйидагича пост қолдирди: «‘Москва’ ракета крейсери ва Керчь кўприги — Украина Қримида Россия ҳокимиятининг иккита машҳур рамзи — йўқолди. Руслар, энди навбатда нима?»
Қрим кўпригидаги портлаш
Қрим кўпригида 8 октябрь куни тонгда юк машинаси портлаб кетди. Портлаш туфайли шу пайт кўприкнинг темир йўл қисмида ҳаракатланаётган юк поездининг ёнилғи ортилган цистерналари ёниб кетди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди, шунингдек, кўприкнинг автомобиль йўли қисмида учта таянч устуни оралиқлари қулаб тушди.Кўприкда ҳаракат тўхтатилди, кўрфаз орқали паромлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилди. 8 октябрь куни кечки пайтга келиб, кўприк орқали ҳаракат қайта тиклана бошлади. 9 октябрь куни иккита полоса орқали ҳаракат ҳам қайта йўлга қўйилди.
Керчь ярим оролини Тамань ярим ороли билан бирлаштирувчи Қрим кўприги Россия ва Европадаги энг узун кўприк ҳисобланади — унинг узунлиги 19 километрга тенг. Кўприк қурилиши 2016 йил февралида бошланиб, 2019 йил декабрида тўлиқ якунланган. Лойиҳа қиймати 220 миллиард рублдан ошган.
Кўприкнинг автомобиллар учун мўлжалланган қисми 2018 йил майидаёқ очилганди. У орқали йўловчи поездлар қатнови эса 2019 йил 23 декабрдан бошланди. Мунтазам темир йўл юк қатнови 2020 йил июлида йўлга қўйилди.