Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

7 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Афғонистонда уруш бошлаган АҚШ, хатолик сабаб ҳалокатга учраган «Як-40» ҳамда Россия президентининг туғилган кунида ўлдирилган журналист Анна Политковскаяга оид фактлар ўрин олган.

АҚШнинг Афғонистондаги операцияси

2001 йилнинг 7 октябрь куни АҚШ ва унинг иттифоқчилари 11 сентябрь терактига жавобан Афғонистонда «Енгилмас озодлик» номли операциясини бошлаган эди. АҚШ ва Буюк Британия қўшинларининг Афғонистонга киритилишига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 12 сентябрдаги 1368-сонли резолюцияси асос бўлиб хизмат қилган.

Бундан ташқари, Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларига қарши курашга НАТО вакиллари қўмондонлигидаги Халқаро хавфсизлик кучлари (ИСАФ) контингенти келиб қўшилган. Иккала контингентнинг ҳам асосий вазифаси «Толибон» экстремистик ҳаракати ва «Ал-Қоида» халқаро террорчилик гуруҳининг жангариларини қидириб топиш ҳамда йўқ қилиш бўлган.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Жанговар ҳаракатларнинг дастлабки ойларида Америка авиацияси толибларнинг турли ҳарбий объектларига ҳаводан зарбаларни амалга оширган. Бир ойлик бомбардимонлардан кейин «Толибон» ҳаракатининг жанговар фаоллиги сезиларли даражада камайган. 2001 йилнинг 9 ноябрь куни НАТО қўшинлари томонидан жиддий ҳужум операцияси бошланган — йирик шаҳар ҳисобланмиш Мозори-Шариф эгалланган. 13 ноябрь куни толиблар 1996 йилдан бери бошқариб келаётган Кобулни жангсиз ташлаб кетган.

25 ноябрь куни Афғонистонга АҚШ ҳарбийларидан иборат биринчи катта контингент етиб келган — мингга яқин денгиз пиёдалари вертолётлар ёрдамида Қандаҳор жанубига олиб келиниб, Кемп-Рино тезкор базаси тузилган. Жанговар ҳаракатларнинг асосий босқичи 7 декабрь куни Қандаҳорнинг эгалланиши билан якунланган.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Омон қолган «Толибон» ва «Ал-Қоида» ҳаракатларининг аъзолари ўз лагерларини сақлаб қолиб, мамлакатнинг турли бурчакларидан ҳужумларни амалга оширишни бошлаган. Бен Ладен бошчилигидаги уларнинг олий раҳбарияти Покистонга чекинган.

Халқаро терроризмга қарши эълон қилинган урушнинг икки йил давом этган «фаол фазаси»да айрим муваффақиятларга эришилган. Америка манбаларига кўра, бу вақт давомида ҳаво ҳужумлари орқали «Ал-Қоида» раҳбариятнинг учдан икки қисми ўлдирилган ёки асирга олинган, жумладан, Қандаҳорда ташкилотнинг ҳарбий вакили Абухафз, шунингдек, Бен Ладеннинг маслаҳатчиси Абдумуҳаммад Мисрий ўлдирилган.

2007 йилнинг майида халқаро коалиция мамлакат жанубидаги «Толибон»нинг барча кучларига қўмондонлик қилган мулла Дадуллани йўқ қилишга муваффақ бўлган. Ҳокимиятни йўқотган «Толибон» ҳаракати партизанлик жангларини амалга оширишга ўтган. Патрульларга ҳужумлар, йўл ва кўприкларни миналаштириш, Америка ва НАТО ҳарбий хизматчиларига ҳужумлар уюштириш уларнинг асосий вазифасига айланган.

2009 йилнинг 1 декабрида АҚШ президенти Барак Обама Вест-Пойнтдаги ҳарбий академия тингловчилари олдида чиқишида Афғонистон бўйича янги стратегиясини эълон қилганди. Унга кўра, стратегия учта «китга» асосланган: БМТ, халқаро шериклар ва афғон халқи билан, шунингдек, Покистон билан яхши шерикчиликда «Толибон»га қарши ҳарбий ҳаракатлар. Обама Афғонистонда қўшимча 30 минг ҳарбий хизматчи юборилишини билдириб, бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериши ва 2011 йил июлидан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини таъкидлаган.

2011 йилнинг майида шарқий Нуристон вилояти «толиблар республикаси»га айланган. Олдинроқ бу ерга жойлаштирилган Америка қўшинлари йил бошида кўплаб йўқотишлар ва чегара яқинидаги ғорларда жанг қилиш самарасизлиги боис ҳудудни тарк этганди.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

Ўша йилнинг майида АҚШ махсус хизматлари иккита муваффақиятли операцияни ўтказган. 2 май куни кечаси «Ал-Қоида» халқаро террорчилик ташкилоти етакчиси Усама бен Ладен Покистон шимолидаги Абботобод шаҳридаги уйида ўлдирилган.

23 май куни «Sinxua» агентлиги афғон телеканалларидан бирига таяниб, «Толибон» ҳаракатининг Афғонистондаги етакчиси мулла Муҳаммад Умар Покистонда йўқ қилинганини эълон қилган.

2011 йилнинг июнида АҚШ президенти Барак Обака ўз халқига мурожаатида Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш масъулияти маҳаллий ҳокимиятга 2014 йилга қадар ўтиб бўлиши кераклигини маълум қилган. 2013 йилнинг 13 февраль куни Конгрессдаги чиқишида у Америка контингентининг ярми — 34 минг ҳарбий хизматчи 2014 йил бошида Афғонистондан чиқиб кетишини айтган. ОАВ маълумотларига кўра, ўша вақтда Афғонистонда 66 минг америкалик ҳарбий хизматчи бўлган.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

2014 йилнинг 28 декабрь куни НАТОнинг Қўшма Штатлар бошчилигидаги Афғонистон миссияси якунланган. Расмий ёпилиш маросими Кобулда бўлиб ўтган. У хавфсизлик нуқтаи назаридан махфий тарзда ўтказилган. АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий кампанияси 13 йил давом этган мамлакат тарихидаги энг узоқ урушга айланган. Йиллар давомида АҚШ ҳарбий контингентининг максимал сони 2010 йилда 140 минг аскарга етган.

Жанговар ҳаракатлар давомида 2,3 минг америкалик аскар ҳамда мингдан ортиқ халқаро коалиция ҳарбийлари ўлдирилган. 17,6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи яраланган. Отишмалар, портлашлар, тунги ҳужумлар оқибатида 21 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.

2021 йилнинг 31 август куни АҚШ Афғонистондаги барча қўшинларини олиб чиқиб кетди. Ўша ойнинг 15-санасида ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати 31 августни давлат байрами сифатида эълон қилди.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Ўтмиш фожиаси: 44 йил олдин ҳалокатга учраган «Як-40»

1978 йилнинг 7 октябрь куни кечқурун Колсово аэропортида «Аэрофлот» авиакомпаниясининг «Як-40» самолёти парвозга тайёрланган. Борт Свердловск—Костанай—Жамбул рейси бўйича учиши керак бўлган. Командир Геннадий Панчковсий, иккинчи учувчи Сергей Недугов, бортмеханик Виталий Сорокин ва стюардесса Олга Шахворостовадан иборат экипаж ҳамда 34 нафар йўловчи ҳавога кўтарилади. Свердловск осмонини булут қоплаган, ерга эса ёмғир томчилаётган, ҳаво ҳарорати эса Цельсий бўйича +5 даражани ташкил этарди.

Фото: Wikipedia

Фото: Wikipedia

Қозоғистон фуқаролик авиацияси бошқармаси идораси ҳисобида бўлган ва умумий ҳисобда 6 291 соат парвоз қилган «Як-40» самолёти учиш-қўниш йўлагига киришга тайёр. Соат 19:48 да ҳаво кемаси кўтарилишни бошлаган. Тезланиш олган вақтда кутилмаганда самолётнинг чап двигатели ишдан чиққан. Аммо экипаж командири самолётга ортиқча 419 килограмм юк ортилган бўлса-да, парвозни давом эттириш қарорини қабул қилади. Ён томондан эсаётган шамол «Як-40»нинг соатига 205 километр тезликда ердан узилишига имкон берган.

Кўп ўтмай самолёт соатига 210 километр тезликка эришади ва вертикал тезлиги сониясига 1,4 метрга етади, ердан 100 метр баландликка кўтарилади. Самолёт ҳавога кўтарилганидан икки дақиқа ўтиб, диспетчерга алоқага чиқилади. Ҳаво кемасининг командири чап двигателдаги носозлик ҳақида хабар беради. Унга баландлик паст бўлишига қарамай, қайрилиб олиш бўйича кўрсатма берилади.

«Чап двигатель ишдан чиқди… Бизни киритинг… 100 метр баландликдамиз». Диспетчернинг жавоби: «87437, Свердловск-қўниш, 100 метрда биринчи айланишни амалга оширинг».

Орадан бир дақиқа ўтгач «Як-40» бурилишни амалга оширади ва 23 даражага оғиб, тепаликдаги дарахтларга урилади. Бу 34 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси умрининг сўнгги дақиқалари эди.

Дарахтларга урилиш оқибатида самолётнинг чап қаноти узилиб тушади. Ҳаво кемаси қулашни бошлайди, парчаланиб, йўлида учраган нарсани яксон қилади. Ерга қулаш биринчи урилган дарахтдан 168 метр давомида 60 даража бурчак остида содир бўлади. Навбатдаги дарахтга урилганидан ўнг метр ўтиб, учувчилар кабинаси яксон бўлади.

Фото: Wikipedia

Фото: Wikipedia

Ҳаво кемаси тўлиқ 180 даражага ағдарилади, самолётнинг ўнг томони пачоқланган, дум қисми эса бутунлай узилиб тушган. Самолёт аэродромдан 7244 метр узоқликдаги тепаликдан топилган. Унинг ичида бўлган барча ҳалок бўлган.

Тўртта сабаб

Ҳалокатдан сўнг тергов бошланган. Авиаэкспертлардан тузилган комиссия фавқулодда ҳолатнинг тўртта сабабини аниқлайди. Улардан биринчиси — Фуқаролик авиацияси вазирлиги талабларини бузиш. Ортиқча юк 419 килограммни ташкил этган. Шунингдек, парвоз олдидан командир музлашга қарши тизимни ёқмаган. Якунда бу асосий ролни ўйнаган.

Иккинчиси — учувчилар хатоси. Парвоз траекториясини ўрганиш давомида двигатель тортувчи кучи бутун ҳаракат давомида етарлича кучли бўлмагани аниқланган. Қулаш вақтида чап двигатель умуман ишламаган. Ўрта ва ўнг двигателлар эса ўз режимида айланишларни амалга оширган. Учиш-қўниш йўлагидан ажралиш вақтида экипаж авариявий вазиятга чалғиб қолгани боис шасси ва фараларни кўтармаган. Ҳалокат ҳужжатига кўра, фожиа содир бўлган вақтда об-ҳаво парвоз учун қулай бўлмаган: максимал булут, кўрувчанлик 10 километр, шамол сониясига 7-10 метр.

Фото: Wikipedia

Фото: Wikipedia

Яна бир сабаб — диспетчернинг хатоси. Диспетчер 100 метр баландликда қайрилиб олиш буйруғини берган. Колсова аэропортининг парвозларни амалга ошириш талаблари қўлланмасига кўра, 256 даража курс бўйича ҳаракат вақтида хавфсиз қайрилиб олиш баландлиги 350 метрни ташкил этади. Шунингдек, диспетчер экипажни объект билан тўқнашув эҳтимоллиги ҳақида огоҳлантирмаган.

Охиргиси — музлашга қарши тизим. Двигательларнинг нормал ишламай қолганига музлашга қарши тизимнинг ўчириб қўйилгани сабаб бўлган. Тажриба давомида двигателнинг ташқи элементлари ҳаво Цельсий бўйича +8 даражада бўлганида ҳам музлаши мумкинлиги аниқланган. Хулосада келтирилишича, ҳалокатга парвоздан олдин музлашга қарши тизимнинг ёқилмагани сабаб бўлган.

Хатоларни бартараф этиш бўйича ишлар

Ўша вақтда «Аэрофлот» авиапаркида 825 дона «Як-40» самолётлари бўлган. Мазкур самолётлардан фойдаланиш давомида 113 та ҳаво кемаси йўқ бўлган: 70 фоизи шахсий таркибнинг хатолари сабаб ҳалокатга учраган, 18 фоизи — авиатехниканинг ишдан чиқиши оқибатида, 9 фоизи ташқи омиллар таъсирида аварияга учраган бўлса, 3 фоизининг сабаби аниқланмаган.

1973 йилдан 1988 йилга қадар самолёт билан боғлиқ жами еттита шу каби ҳолат қайд этилган. Бу эса авиакомпанияларда шахсий таркибни тайёрлашга эътиборнинг кучайтирилишига сабаб бўлган.

Анна Политковскаянинг ўлдирилиши

Бундан 16 йил олдин — 2006 йилнинг 7 октябрь куни россиялик журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, кўплаб мукофотлар совриндори Анна Политковская Москва марказидаги уйининг лифтида отиб кетилган эди. Ўшанда у 48 ёшда бўлган. Қотилликни амалга оширганлар суд қилинган, бироқ уни «буюртма қилганлар»га бериладиган жиноий таъқиб муддати ўтиб кетмоқда. Бу ҳуқуқий жараён. Агарда улар қачондир топилса ҳам, жазосиз қолади.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Тўрт йил олдин июлда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияни Политковская иши бўйича «самарасиз тергов» учун қоралаганди. Марҳуманинг қариндошларига компенсация белгиланган. Оила аъзолари, хусусан, унинг онаси Раиза Мазепа ҳам даъво аризасини киритган. У 2021 йилнинг ёзида, Москвада 92 ёшида вафот этганди.

Лифтдаги тўрт ўқ

Политковская шанба куни соат 16:00 дан кейин ўлдирилган. Журналист машинада келган ва қўлида пакетлар билан уйига кираётган бўлган. Киллер унга лифтда ўқ узган, ўқлардан бири унинг бошига тегган. Мазкур қотиллик Россияда ҳам, хорижда ҳам кескин норозиликларни келтириб чиқарган. Орадан бир неча кун ўтгач, Россия президенти Владимир Путин Дрезденга ташриф билан борганида унга «Қотил!» дея бақиришган. Политковскаянинг айнан Путиннинг туғилган кунида ўлдирилиши, турли миш-мишларни юзага келтирган.

Анна Политковская 1958 йили Нью-Йоркда асли украиналик бўлган совет дипломатлари оиласида туғилган. Москва давлат университетининг Журналистика факультетини тамомлагач, турли нашрларга мақола ёзган, 1990 йиллар охиридан бошлаб «Новая газета»да фаолият юритган. Унинг умрини охирги дамларида асосий мавзу Иккинчи чечен уруши бўлган.

Фото: РФЕ

Фото: РФЕ

Политковская Шимолий Кавказга борган ва у ердаги вазият — қотилликлар, қийноқлар ва одамларни ўғирлашлар ҳақида ёзган. У Чеченистоннинг амалдаги раҳбари Рамзан Қодировни, шунингдек, Россия президентини танқид қилган.

Политковская журналистикадан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланган — чечен оилалари ва ўлдирилган ёки бедарак йўқолган россиялик аскарларнинг оналарига ёрдам берган.

Қотилни қидириш ишлари

Журналистни ўлдирган шахс ва унинг шерикларини қидириш ишлари секин кечган. Дастлабки гумонланувчилар тезда топилиб, саккиз йилга қамалган бўлса-да, суд жараёни бир нечта бўлган. Жиноят излари Чеченистонга элтган. 2008 йилда биринчи жараён бошланиб, бир неча ойдан кейин якунланган — суд ҳайъати аъзолари айбловни исботланмади деб топган. Ўшанда гумонланувчилар уч киши бўлган: ака-ука Иброҳим ва Жаброил Маҳмудовлар, шунингдек, собиқ милиция ходими Сергей Ҳожиқурбонов. 2009 йилда Россия Олий суди ҳукмни бекор қилган ва тергов қайта бошланган.

Гумонланувчилар доирасида кенгайган ва 2011 йилда бевосита қотил — Маҳмудовларнинг учинчи укаси Рустам қўлга олинган. Алоҳида жараён билан 2012 йилда Дмитрий Павлюченко 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Москвалик собиқ милициячи Политковскаяни таъқиб қилгани ва қотиллик учун қурол етказиб берганини тан олган.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Асосий ва ҳозирча охирги жараён 2014 йилнинг январида бошланиб, майида тугаган. Рустам Маҳмудов умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. Унинг акалари Жаброил ва Иброҳим мос равишда 14 ва 12 йилга қамалган. Ҳожиқурбонов 20 йилга «кесилган». Қотилликни Маҳмудовларнинг амакиси жиноят оламида танилган чечен тадбиркори Ломали Гайтукаев ташкиллаштирилган деб топилган. У ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ва 2017 йили колонияда вафот этган. Гумонланувчиларнинг барчаси айбига иқрор бўлган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Фото: Зарбалардан кейин чироқсиз қолган Украинанинг коинотдан кўриниши
Маҳаллий
Андижонда Isuzu ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида 41 киши жароҳатланди, 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган
Дунё
Сена дарёси бўйлаб сайр: турли-туман қиёфалар ва машҳур тарихий обидалар — суратларда