Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Иқтисодиёт тармоқлари бўйича қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), солиқ юки ва ҚҚС 3 фоиз пунктгача тушириладиган бўлса, бу иқтисодиётга қандай таъсир этиши таҳлил қилинди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бюджет даромадларининг асосий манбаи ҳисобланади.

2021 йилда ҚҚС бўйича тушумлар 38,4 триллион сўмга етиб, жами даромадларнинг (мақсадли жамғармаларсиз) 23,4 фоизини ташкил қилган.

ҚҚС тушумларининг 44 фоизи саноат тармоқлари, 18 фоизи қурилиш ташкилотлари, 13 фоизи улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг ҳиссасига тўғри келади.

ҚҚС бўйича солиқ юки иқтисодиёт тармоқлари ва секторлари бўйича нотекис тақсимланган.

Масалан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида солиқ юки 8,5 фоиз, қишлоқ хўжалигида салкам 5 фоиз бўлса, қурилиш ва телекоммуникация хизматлари йўналишида 79 фоиз, чакана ва улгуржи савдода 59 фоиз, саноатда 43 фоизни ташкил этган.

 

Бу иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳалари учун бир хил шароит яратилишини чеклаб, рақобат тамойилларининг амал қилиш доирасини чеклайди.

Умуман олганда, иқтисодиёт бўйича тармоқлараро ўртача нисбий ставка 24 фоизни ташкил этди.

Бу ҚҚС нинг ҳозирги 15 фоизли номинал ставкаси шароитида, ҳақиқий ставка 3,6 фоизни ташкил этишини англатади. (15 * 0,24 = 3,6 фоиз).

Солиқ юкининг энг юқори даражаси нархларнинг ўзгариши ва ишлаб чиқаришнинг бошқа шароитларидан қатъий назар уларга барқарор талаб мавжуд бўлган тармоқлар (қурилиш, савдо-сотиқ, айрим хизмат кўрсатиш турлари)га хос.

Уларнинг ҳиссасига иқтисодиёт бўйича ишлаб чиқаришнинг (ЯИМ ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича) атиги 15 фоизи, ишчиларнинг 14 фоизи тўғри келади. Ушбу гуруҳнинг ўзига хос хусусияти ташқи муҳитга энг кам боғлиқлик даражасидир.

Солиқ юкининг ўртача даражаси қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати учун характерлидир. Ушбу тармоқларга иқтисодиётда ЯИМнинг тўртдан бир қисми тўғри келади. Мазкур тармоқлар жаҳон иқтисодиёти билан энг кўп боғлиқ бўлган тармоқлардир.

 

Бунга сабаб оралиқ импортнинг 83 фоиздан ортиғи ва умумий экспорт ҳажмининг учдан икки қисмидан кўпроғи уларнинг улушига тўғри келади.

Юқори солиқ юки саноат маҳсулотлари экспортининг ўсишини чеклайди, чунки ушбу тармоқлар учун ҚҚСнинг амалдаги юқори ставкаси тармоқ маҳсулотлари нархларининг ошиши ва рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади.

Натижалар

ҚҚС товарлар/хизматлар нархига киритилгани сабабли унинг номинал ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача туширилиши иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг пасайишига олиб келади.

«Харажатлар-ишлаб чиқариш» нарх моделидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, бундай пасайиш 0,81 фоизни ташкил этади, деб баҳоланмоқда.

Бошқача айтганда, нархлар умумий индексининг 0,8 фоиз пунктга пасайиши солиқ тушумлари бўйича йўқотишлар (ҚҚС тушумларининг 20 фоизга ёки бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳисобга олмаганда барча солиқ тушумларининг 4,7 фоизга камайиши) учун компенсация бўлади.

 

Бунда тўғридан-тўғри таъсир (тармоқлараро ўзаро таъсирларни ҳисобга олмаган ҳолда) 0,57 фоиз пунктни, билвосита таъсир (тармоқлараро ўзаро таъсирлар билан) эса 0,24 фоиз пунктни ташкил этади. (0,57+0,24=0,81).

Нархларнинг пасайишига қайта ишлаш саноати (39 фоиз), қурилиш (14 фоиз) ва улгуржи ва чакана савдо (10 фоиз) тармоқлари энг катта ҳисса қўшади яъни ушбу учта тармоқ улушига умумий нархлар пасайишнинг деярли учдан икки қисми тўғри келади (0,8 фоиздан).

Шу нуқтаи назардан, амалдаги ва номинал ставкалар ўртасидаги тафовутни (100 - 24 = 76 фоиз) қисқартириш, шунингдек, стандарт оғиш бўйича 22,8 фоизни ташкил этган амалдаги (ҳисобланган) ставкаларнинг тармоқлараро ўртача кўрсаткичини (24 фоиз) камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар нисбатан истиқболли бўлиши мумкин.

 

Бу эса ҚҚС бўйича стандарт ставкаси пасайган тақдирда ҳам солиқ тушумларининг ўсишини таъминлайди.

Ушбу чора-тадбирлар нимадан иборат бўлиши кераклигини аниқлаш мазкур тадқиқотнинг мақсади эмас. Шу билан бирга, Хитой тажрибасини ўрганиш фойдалидир.

Хитойда ҚҚС нинг стандарт ставкаси 13 фоизни ташкил қилади. 9 фоизли (чакана савдо, кўнгилочар, меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, қурилиш, транспорт, почта ва логистика хизматлари) ва 6 фоизли (молиявий сектор ва суғурта, ахборот технологиялари ва консалтинг) пасайтирилган ҚҚС ставкалари амал қилади.

Солиқ солиш тизимидаги тез-тез ўзгариши оптимал эмас. Аммо ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаларини жорий этиш масаласи кўриб чиқилса, у ўзини оқламаган солиқ имтиёзларининг аксариятини бекор қилган ҳолда амалга оширилиши зарур.

 

Бунда тайёр маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши қанча юқори бўлса, ҚҚС ставкаси ҳам шунча паст бўлиши керак.

Бу эса корхоналарга янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, қўшилган қиймат улушини ошириш ва тез ўсиб бораётган солиқ юки шаклида катта харажатларга йўл қўймасликда ёрдам беради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ҳуқуқ фаоли Нукус воқеаларида гумонланаётганлар қийноққа солинмаганини айтмоқда
Дунё
«Дарё» кундалигида 30 ноябрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маҳаллий
Контрабанда сигареталар кўпроқ қайси вилоятлар чегараларидан олиб ўтилмоқда? Божхоначи жавоб берди