Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Теҳронда 22 ёшли Маҳса Аминий ҳижобни нотўғри ўраганлиги важи билан ахлоқ полицияси томонидан ваҳшийларча ўлдирилди. Шу сабабдан мамлакат жамоатчилигида жиддий норозилик намойишлари келиб чиқди.

Ушбу воқеа фонида эса ўринли савол туғилади: «Ўзи Эрон жамиятида ҳижобнинг асл аҳамияти нимада?» Бу ҳақда Euronews нашри сўз юритди.

Фото: Euronews

Фото: Euronews

Неча кундирки Эронда намойишлар тугамаяпти. Аёллар оммавий равишда сочларини кесмоқда, ҳижобларини ечиб ёқиб юбормоқда. Кўчаларга ўт қўйиб, ҳокимиятни диний популизм билан эгаллаб олган жиноятчи тўдаларни калтакламоқда.

https://twitter.com/ranarahimpour/status/1572295695037796353

Маҳса Аминий Теҳронга оилавий сафари чоғида эронлик аёлларнинг қонун бўйича кийиши керак бўлган диний рўмол стандартларига тўғри келмаган ҳижоби учун ҳибсга олинган эди.

Гувоҳларнинг айтишича, ёш курд аёл полиция томонидан қаттиқ калтакланган. Унинг бошига бир неча марта урилган. Кейинроқ у йиқилиб, кома ҳолатида касалхонага олиб кетилган. Воқеадан уч кун ўтиб, 16 сентябрда Маҳса Аминий вафот этган.

Эрон расмийлари унда аввалдан юрак хуружи борлигини даъво қилмоқда. Бироқ Маҳсанинг оиласи уни соғлом бўлганини таъкидлаган.

Ушбу даҳшатли ҳодиса Эрондаги исломий кийиниш қоидалари ва полиция зўравонлигига ойна тутди.

Эронда ҳижоб тарихи: 

1979 йилги ислом инқилобидан бери Эронда аёлларнинг ҳижоб ўраши мажбурий бўлган. Ҳукумат ўз сиёсатини оқлаш учун Қуръон ва ҳадис қисмларига таянади. Ислом динида аёлларнинг рўмол ўраши ҳақида жуда кўп масалаларда тўхтамлар мавжуд.

Исломий либослар мамлакатнинг ахлоқ полицияси томонидан қатъий татбиқ этилади. Улар кўчаларни микроавтобусларда айланиб, «нотўғри» кийинган аёл-қизларни қўлга олиш билан шуғулланади. Аммо ҳибсга олиш таҳдидига қарамай, миллионлаб эронлик аёллар бунга нисбатан фаол қаршилик кўрсатади.

1979 йилда Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Ҳумайний аёллар исломий кийиниш қоидаларига риоя қилиши кераклигини айтганидан сўнг, шиддатли норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Шундан кейин ҳукумат унинг изоҳларини фақат тавсия сифатида талқин қилишга мажбур бўлди. Бироқ бу қонун барибир 1983 йилда кучга кирди.

Ўшандан бери ҳижобга қарши норозилик намойишлари вақти-вақти билан давом этиб, бугунги кунда аёлларнинг рўмолларини ёқиб, рақсга тушиши билан авж олмоқда.

Инқилобдан аввал дунёвий Эронни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқарганида ҳам кўплаб эронлик аёллар фаол равишда ҳижобда бўлган. Улар буни турли сабабларга кўра амалга оширган. Масалан: анъана, ўзига хослик, диний ифода ёки оилавий босим юзасидан.

Ўзи Эрон жамиятида ҳижобнинг асл аҳамияти нимада?

Эронлик шоира ва журналист Асиэҳ Аминийнинг фикрига кўра, бугунги куннинг асосий муаммоси аёлларнинг рўмол ўрашга мажбур қилинаётганидир. Улар исломий кийиниш қоидаларини бузгани учун қамчиланиши ёки қамалиши мумкинлиги ўз тасдиғини кўрсатмоқда.

Афсуски, бу кўпчиликнинг кучли нафратига олиб келди. Аёллар жуда кўп зулмни бошдан кечирди. Улар бу ҳукмронликка чидай олмай, ўз ҳақ-ҳуқуқларини истамоқда.

 Асиэҳ Аминий, эронлик шоира ва журналист

Бир пайтлар ўзи ҳам ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган Асиэҳнинг айтишича, ҳозирда Эронни ларзага келтираётган намойишлар фақатгина кийиниш қоидаларидан норозилик туфайли эмас. Бу ерда ундан кўра кўпроқ ва жиддийроқ масалалар бор: одамларнинг талаби фақат ҳижоб билан чекланмайди. Улар эркинликни, демократияни ва бундай Ислом Республикасидан озод бўлишни хоҳлайди.
Полиция бу каби ишларини шунчаки маслаҳат ва огоҳлантириш бериб қўйиш дея таъкидлайди. Аммо аслида эса улар ҳар куни Эроннинг барча шаҳарларида аёлларнинг танаси, кийими ва умуман ҳамма нарсасини «қаттиқ» назорат қилади. Ҳижоб ана шу зулмнинг рамзидир.
Аноним қолишни истаган яна бир эронлик фаолнинг фикрига кўра, ҳижоб сиёсатидаги яна бир муаммо Эрондаги турли этник ва диний гуруҳларнинг турли хил либос кийишига ҳурмат кўрсатмаслигидир.

Эрон кўп миллатли жамият бўлиб, унда форслар, курдлар, озарбайжонлар, лурлар, гилаклар, араблар, балучи ва туркманлар яшайди. Ҳар бирининг ўзига хос анъанавий кийимлари бор ва табиийки улар ҳижобни турлича ўрайди. Шунингдек кийимларидаги ранглар, нақш ва услублари ҳам фарқ қилади.

Эронда аёлларнинг кийиниши ва уларнинг ҳуқуқлари ҳақида гапирилганда, ҳукумат ҳар доим бу Эрон маданияти, деб жавоб беради. Бироқ асло бундай эмас. Бу маданият эмас, бу куч!

Ҳижоб аёлларга узоқ йиллардан бери шу даражада мажбурий қилиб белгилаб қўйилганки, улар кимнинг танлови ёки мажбурияти учун уни ўраётганларини билмайди.

Одам нимагадир мажбурланса, доимо уни рад этиш ва аксини қилишни хоҳлайди. Чунки инсон табиати шундай. Ҳижоб масаласидаги сўнгги воқеалар ҳам бунинг яққол исботидир.

Махсани ўлдириш билан эса улар мамлакатда янада кучли ғазаб эшикларини очди.

Ҳозир ҳижоб ҳақида гапириш жуда оғриқли ва мушкул масалага айланиб қолди. Бу воқеа Эронда инқилобдан кейин содир бўлган энг катта феминистик қўзғолонлардан бирига ўхшайди. Эркаклар ҳам аёллар билан биргаликда курашиш учун кўчаларга чиқмоқда.

Маълумот учун: Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш режаси сабабли ҳозирда Россияга қўлланилаётган санкциялардан ҳам кўпроқ чекловлар остида анча йиллардан бери яшаб келади. Авторитар бошқарув туфайли фуқароларининг элементар ҳақ-ҳуқуқлари чекланган.

Аҳолисининг аксарият қисми қашшоқликда кун кечиради. Интернетга кириш жуда қиммат ва кўплаб сайтлар блокланган. Санъат ва маданият ходимлари, эркин фикрли олимлар, сиёсатчилар, собиқ монархиянинг вакиллари қувғинга учраган.

Эронга кириш ва чиқиш анча чегараланган. Эронга виза олган одам Ҳаж ва Умра сафарларига, Европага ва бошқа тараққий этган мамлакатларга бора олмайди. Чунки Эрон визаси урилган паспортларга Саудия Арабистони ҳеч қачон виза бермайди (бироқ баъзи истиснолар бўлиши ҳам мумкин).

Эронда афғонистонлик қочқин аёллар ва болалар яширин қул бозорларида сотилади. Кўп ҳолатларда уйланиш ёшига етган йигитлар моддий қийинчилик сабабли оила қура олмайди. Ёш қизларни эса пулдор қариялар сотиб олади.

Эрон ҳукумати нефть, газ ва бошқа табиий бойликлардан келган маблағларни ҳарбий саноатга йўналтиради. Ижтимоий ҳимоя ўрта асрлар даражасида қолиб кетган.

Бугунги кунда давом этаётган намойишлар мана шундай ижтимоий босимларнинг ортиб кетганлигидан юзага келди. Қизнинг ўлими эса худди динамит тугмасини босиб юборгандек бўлди.

Мавзуга доир: 

Изоҳ

Хусан

1 октябр, 12:34

Daryo foydali va aniq kontent ustida ishlaydi Daryo.uz faoliyatiga omad.

Асосий янгиликлар
Маслаҳатлар
Бир неча дақиқа ичида джинси кийимлардан ёғ доғларини тозалашга ёрдам берадиган усуллар
Маҳаллий
Сурхондарёда «Жигули» қўйлар подасини уриб юборди
Маҳаллий
«Биз учун ЖСТга қўшилиш мутлақ устувор вазифа» –  ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов