Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихиро Танака билан учрашди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда туризм ва маданий мерос соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Азиз Абдуҳакимов қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳаларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани учун JICA раҳбариятига миннатдорчилик билдирган ҳолда биринчи навбатда Ўзбекистон президентининг 2019 йил декабрида Японияга тарихий ташрифи аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу Ўзбекистон—Япония муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берганини қайд этди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик дарвозаси ҳисобланган Самарқандда сайёҳлик соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Акихиро Танака, ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фонида туризм, маданий мерос ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қизиқиш билдирди.

Жумладан, томонлар «Буюк ипак йўли» маданий меросини асраш ва  унинг рақамли архивини яратиш, музейлардаги экспонатларни рақамлаштириш ва у ерда фаолият юритувчи ходимлар малакасини ошириш, тарихий объектлар реставрация ва консервациясини ўтказиш, узоқ тоғли ва чўл ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бунда япониялик мутахассисларни Ўзбекистонда ишлашга жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, учрашув давомида чартер дастурни амалга ошириш орқали Япониядан Ўзбекистонга саёҳат қилувчи туристик оқимни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ЮНЕСКО кўмагида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни реставрация ва консервация қилиш, узоқ ҳудудларда туристик инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда умрининг катта қисмини археологик ва маданий меросни тадқиқ қилишга бағишлаган марҳум Като Кюдзу хотирасига Сурхондарё вилоятида мемориал комплекс яратишга доир лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини биргаликда ишлаб чиқишга келишишди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги маданий мерос ёдгорликларини рақамлаштиришга оид лойиҳаларни давом эттириш ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш орқали икки томонлама маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга оид келишувга эришилди.

Учрашув якунида JICA раҳбари 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг ўтказилишига Ўзбекистоннинг танлангани мамлакатнинг туризм соҳасидаги ислоҳотларининг самараси эътирофидан далолат беришини таъкидлаб, уни ўтказишда муваффақиятлар тилади.

Мавзуга доир:

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Ким Чен Ир топшириғи билан уюштирилган теракт, самолёт бошқариб ҳалокатга учраган «Формула-1» чемпиони ва немислар томонидан қатл этилган Космодемянская. Кун хроно...
Маҳаллий
Нукусдаги тартибсизликлар оқибатида етказилган зарар миқдори маълум бўлди
Маҳаллий
Ўзбекистонда оилавий боғчалар 50 нафаргача бола олиши мумкин бўлади