Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Хитойдаги ваколатхонаси ва Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгашининг Венчжоу қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон—Хитой чарм-пойабзал саноати ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Қайд этилишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ҳар томонлама ривожлантириш, соҳага замонавий билим ва технологияларни кенг жалб этиш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини кенгайтиришдан иборат.

Хитойнинг 50 га яқин тери ва чарм-саноат корхоналари вакиллари иштирок этган ушбу анжуманда Ўзбекистонда бугунги кунда чарм-саноат ва пояфзал ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, инвестицион салоҳият, экспорт кўрсаткичлари тўғрисида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, республикада бу соҳага ўз сармоясини киритиш ниятида бўлган хорижий сармоядорларга яратилган шароитлар, давлат томонидан берилаётган солиқ, божхона имтиёзлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар ҳам тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши Венчжоу қўмитасининг президенти Cу Лишен Хитой корхоналарининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши катта эканини, республикада чарм-саноат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хитойлик мутахасисслар томонидан катта қизиқиш билан кузатилаётганини қайд этди.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси раисининг ўринбосари Фарҳод Нурмухамедов чарм саноати инвестиция ва экспорт салоҳияти тақдимотини ўтказди. У хитойлик ҳамкасбларини 12—14 октябрда бўлиб ўтадиган UzCharmExpo-2022 халқаро кўргазмасига таклиф этди. У, шунингдек, Хитой корхоналари вакилларининг Ўзбекистонда янги сармоявий лойиҳаларни амалга оширишларига ишонч билдирди.

«Пеншен» Индустриал парки директорининг ўринбосари Ван Фентай Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам пойдеворга эга бўлиб, бугунги кунда янги ўсувчанлик билан равнақ топаётганини қайд этди. У Хитой ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистонда чарм-саноат соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга даъват этди.

Форум доирасида хитойлик тадбиркор ва инвесторлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар