Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Озарбайжон ҳарбийлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати биноси ва автомобилини ўққа тутди, деб ёзади Meduza Арманистон Мудофаа вазирлиги хабарига таяниб.

Фото: «NTV.ru»

Фото: «NTV.ru»

«15:00 ҳолатига (14 сентябрь) Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги кескинлик яна ўз чўққисига чиқди. Бутун чегара бўйлаб душман реактив артиллериядан, шу жумладан, тинч аҳоли пунктларига қарата шиддатли отишмаларни қайта бошлади. Шуниси эътиборни тортадики, жанговар ҳаракатлар ҳудудида гуманитар миссияни амалга ошираётган Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати биноси ва автомобили кучли артиллерия ўқлари ёмғири остида қолди. Бу Озарбайжон қуролли кучлари ўз нишонларини ажрата олмаслигидан дарак берувчи яна бир далилдир», — дейилади баёнотда.

«Инфотека24» Telegram-канали зарар кўрган автомобиль ва вайрон бўлган бино суратларини эълон қилди. Бироқ ушбу фотосуратларга қараб уларнинг қаерда олинганини аниқлаб бўлмайди.

Арманистон ОАВлари хабар беришича, Арманистон шарқидаги Гегаркуник вилояти ҳудудида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) чегара кучлари жойлашув пункти ўққа тутилган. Журналистлар маълумотларига кўра, ҳеч кимга зарар етмаган.

Россия ФХХ маълум қилишича, 13 ва 14 сентябрь кунлари Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги ҳодисаларда ФХХ чегара бошқармаси ходимлари жабрланмаган.

Озарбайжон вазият юзасидан изоҳ берганича йўқ.

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон-Озарбайжон чегарасида жангивар ҳаракатлар қайта бошланди. Арманистон Мудофаа вазирлиги 00:05 да Озарбайжон армияси артиллериядан арман позицияларини шиддатли равишда ўққа тутишни бошлаганини маълум қилди. Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги даъво қилишича, тўқнашувга Арманистон томонидан «кенг кўламли провокация» сабаб бўлган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар