Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Дарё» нашри 13 сентябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.

Гулнора Каримова бошчилигидаги жиноий гуруҳ ўзлаштирган ноқонуний маблағларнинг Швейцарияда ундириладиган миқдори маълум қилинди

Гулнора Каримова бошчилигидаги жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 686 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ундирилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган брифингда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Ушбу иш Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 миллион АҚШ доллари узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилиши ҳал бўлди. 205 миллион доллар бўйича ишлар якунига етмоқда. Ҳозирда қўшимча 307 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда», – деди вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, 131 миллион доллар 10 ҳафтада Ўзбекистонга қайтарилади.

БМТ: Дунё бўйлаб 50 миллионга яқин одам замонавий қулликда яшамоқда

Дунё бўйлаб 50 миллионга яқин одам замонавий қулликда, дея маълум қилди Халқаро меҳнат ташкилоти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентликлари олиб борган тадқиқоти шуни кўрсатдики, сўнгги 5 йил ичида қулликдаги одамлар сони сезиларли даражада ошган ва бу тахминан 50 миллион кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 28 миллиони мажбурий меҳнатга жалб қилинган, 22 миллиони эса мажбурий никоҳда яшамоқда.

Таърифланганидек, замонавий қуллик икки асосий компонент — мажбурий меҳнат ва мажбурий никоҳдан иборат. Иккаласи ҳам таҳдид, зўравонлик, мажбурлаш, алдаш кабилар билан одамларни эксплуатация қилишни назарда тутади.

Қиролича Елизавета II нинг дафн маросимига Россия, Беларусь ва Мьянма вакиллари таклиф қилинмади

Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг дафн маросимига Россия, Беларусь ва Мьянма давлатлари таклиф этилмади. Бу ҳақда Британия ҳукумати манбаларига таяниб, Meduza нашри хабар бермоқда.

Sky News телеканалининг маълум қилишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли уч давлат вакиллари маросимга таклиф этилмаган.

19 сентябрь куни Лондонда Елизавета II нинг дафн маросимида дунёнинг турли давлатларидан 500 га яқин юқори мартабали меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.Тошкентдаги буддистлар ибодатхонаси устидан метро кўприги қурилмоқда. Роҳиблар бундан норози

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган буддистлар ибодатхонаси устидан метро кўпригини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган будда ибодатхонаси бош роҳибининг ўринбосари бу бўйича президентга мурожаат билан чиққан.

Алекс Ҳегай ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзишича, қурувчилар 12 сентябрь куни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз метро таянчлари орасига оралиқ ўтказгичлар ўрнатган. Бу пайтда ҳеч ким ибодатхонада бўлмаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар