Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда боғча тарбияланувчиси бўлган 4 ёшли болани «Афросиёб» тезюрар поезди уриб кетгани ҳақидаги хабар ва ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳолат ҳақида расмий маълумот берди.

Унда айтилишича, воқеа 2022 йил 9 сентябрь куни соат 15:33 да Косон тумани, «Қўнғиртоғ» МФЙ, Каманди қишлоғида Қарши—Мароқанд темир йўл йўналишида қатновчи «Афросиёб» юқори тезюрар электропоезди билан содир бўлган.

Мазкур маҳаллада яшовчи, 2019 йилда туғилган А.Т. 8 сентябрь куни ҳудуддаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига олиб келинган. Воқеа содир бўлган куни А.Т. иккинчи куни боғчага келиши бўлган, унинг ҳали йўлланмаси бўлмаган. Куннинг иккинчи ярмида А.Т. назоратсиз қолдирилиши натижасида боғча ҳудудидан чиқиб, яқин орадаги темир йўлга бориб қолган.

Поезд йўлига чиқволиб кетаётганида «Афросиёб» юқори тезюрар электропоезди уни уриб кетган. Олинган жароҳатлар оқибатида бола вафот этган.

«Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда Косон туман мактабгача таълим бўлими томонидан ўз вақтида барча турдаги мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига техника ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши борасида кўрсатмалар берилган. Айни пайтда ҳолат юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси ишчи гуруҳи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади Қашқадарё МТБ хабарида.

ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳолат юзасидан Қарши транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Мавзуга доир: Фарғонадаги боғчадан ташқарига рухсатсиз чиққан 4 ёшли бола чўкиб кетиб, вафот этди

Изоҳ
Асосий янгиликлар