Ҳиндистонда фарзандини олиб кетмоқчи бўлган йўлбарсга қарши курашган аёл оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда USA Today ёзмоқда.
Ҳиндистон шимоли-шарқидаги Бандхавгарх қўриқхонаси четида юз берган ҳодисада аёлнинг 15 ойлик ўғли ҳам бошидан жароҳат олган. Қўриқхонадан қочиб кетгани тахмин қилинаётган йўлбарс она ўғли Равиражни кулба ташқарисига олиб чиққан пайт чақалоққа ҳужум қилган.
Йиртқич оғзи билан боланинг бошидан тишлаб, уни судраб кетмоқчи бўлган. Аммо она бор кучи билан йўлбарсга ташланган. Унинг ёрдам сўраб бақиришлари яқин атрофдаги аҳоли эътиборини тортган, улар таёқ билан югуриб келиб, йиртқични ҳайдаб юборган.
Ушбу тўқнашувдан сўнг аёлнинг ўпкаси ва танаси жиддий жароҳатланган, ўғли эса бошидан жароҳат олган. Шифокорнинг айтишича, иккаласи ҳам шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда, уларга қутуришга қарши укол қилинган.
Айни пайтда йўлбарсни қўриқхонага қайтариш учун уни қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)