«Конституцияда уй-жой дахлсизлигини мустаҳкамлаш ‘сносълар билан боғлиқ хатолар қайтарилмаслигини таъминлайди» — депутат Умид Жабборов
Охирги йилларда халқимиз орасида «снос» деган муаммо пайдо бўлгани — ҳақиқат. Қанча-қанча одамларимиз уй-жойи ёки бошқа кўчмас мулкининг ноқонуний бузилиши, компенсация тўлаб берилмаслиги оқибатида ҳуқуқлари бузилди, суд ишлари сониям, келтирилган зарар миқдориям кўпайиб борди. Албатта, давлат ва жамият ўртасидаги ижтимоий-мулкий низолар нохуш нарса, аммо, оқибатларнинг бюджетга таъсири нуқтаи назаридан келиб чиқилса, масала янада жиддийлиги ойдинлашади. 2020 йилда «снос»га тушган мулклар учун 216 миллиард сўм, 2021 йил давомида 273 миллиард сўм компенсация пуллари тўланган. 2022 йилда эса ушбу йўналишдаги компенсациялар учун давлат бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган. Таҳлиллар жойларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиниши билан боғлиқ аксарият ҳолатларда шахсларнинг мулк ҳуқуқи бузилганини кўрсатади. Бунга асосий сабаб қонунчиликдаги бўшлиқлар экани сир эмас.