Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида субсидия маблағларини талон-торож қилган кооператив раҳбарлари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тупроққалъа тумани бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «И.М.», «Т.С.» ва «W.N.» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбарлари туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази масъул шахслари билан тил бириктириб, 56 нафар фуқарони иш билан таъминлаш учун ажратилган 144,9 миллион сўм субсидия маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)