Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга ишлаш учун 3,12 миллионга яқин муҳожир борган, бу ўтган йилга нисбатан рекорд кўрсаткичдир. Энг кўп мигрантлар Ўзбекистондан. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Россияга энг кўп мигрантлар Ўзбекистон (49,6 фоиз) ва Тожикистондан (30,5 фоиз) боради. Уларнинг 40 фоизга яқини Москва ва Москва вилоятида қолмоқда.
Ҳозирда мамлакатдаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 1,5 миллиондан ошган.
Шунингдек, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Украина ҳамда Молдовадан ҳам ташриф буюрган меҳнат муҳожирлари сони ортган.
Жумладан, йил бошидан буён Сибирга ишлаш мақсадида 222 мингдан ортиқ муҳожир борган. 2021 йилнинг шу даврида уларнинг сони қарийб 169,3 мингтани ташкил этган.
Бу даврда Олтой Республикасига ишлаш учун борганган хорижликлар сони қарийб уч баробар ошган — 4,5 минг кишигача. Красноярск ўлкасида уларнинг сони 1,3 баравар кўпайган — 50,5 минг кишигача.
Иркуцк вилоятида 75,2 минг муҳожир, Новосибирск вилоятида 41,7 минг муҳожир рўйхатга олинган.
Ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари оқими айниқса сезиларли даражада ошган – 2021 йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 36,9 фоизга ўсиш. Улар Тожикистондан ташриф буюрувчилардан деярли қолишмайди, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Москвада қанча ўзбекистонлик таксичилик қилаётгани маълум бўлганди.