Наманганда қарздорни калтаклаб, 6 кун давомида мажбуран тутиб туриб, сўнг номида бўлган ер майдонини сотиб юборган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ҳодиса Наманган шаҳрида рўй берди. Шаҳардаги «Ижодкор» маҳалласида яшовчи фуқаро Давлатобод туманида яшовчи танишидан олган қарзини белгиланган муддатда қайтара олмайди.
Ҳақдор пулларини бошқа йўл билан қўлга киритиш пайига тушиб, Наманган шаҳри, «Янги аср» маҳалласида яшовчи 1994 йилда туғилган йигитга вазиятни тушунтиради. Улар танишлари билан қарздордан ҳақни ундириш учун боришади ва унга куч ишлатиб, пул талаб қилишади.
Вазият гуруҳ истаган томонга юрмагач, қарздорни Янги Наманган тумани ҳудудидаги овлоқ ерга олиб бориб, тазйиқ ва зўравонликни давом эттиришади. Ҳақдор пуллари эвазига қарздордан номида бўлган ер майдонини унга ўтказиб беришни талаб қилади. Жабрланувчини бунга кўндириш мақсадида Косонсой туманидаги кемпинглардан бирида 6 кун мобайнида мажбуран тутиб туришади.
Қарздор номида бўлган ер майдони ҳужжатлаштирилиб, бошқа шахсга сотилгандан сўнг ундирилган 13000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўзларига олган зўравонлар бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берса ўлдириб юбориш билан таҳдид қилишади.
Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 5 нафар шахс қўлга олинган.
«Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотномасида жабрланувчида бурун суяги ва қовурғалар синиши кўрсатилган бўлиб, улар даражасига кўра ўртача оғирликдаги тан жароҳати эканлиги билдирилган. Ҳолат юзасидан уч нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди», — дейди Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Улуғбек Тиллаев.
Қайд этилишича, мазкур фуқаролар ва ушбу ишга алоқадор бўлган яна икки нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга доир: Наманганда қарздорларга тазйиқ ўтказиб, таҳдид ва зўравонлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди (фото ва видео)
Изоҳ (0)