Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонда шу кунларда жазирама иссиқ кузатилмоқда. «Ўзгидромет» ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 22 июлгача давом этишини прогноз қилди. Шу сабабли СВВ ёзнинг жазирама кунларида офтоб уришидан сақланиш бўйича тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева тавсиялари билан бўлишди.

Севара Убайдуллаеванинг таъкидлашича, қуруқ ҳаво ва намликнинг минимал даражаси Ўзбекистонга хос, бироқ шу кунларда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво кўпроқ иқлим ўзгариши билан боғлиқ.

«Албатта, бундай жазирама кексалар, сурункали касалликлар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар учун хавфли. Шу сабабли бундай пайтда бир неча тавсияларга амал қилиш лозим.

Энг аввало, кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матолардан тикилган енгил либос кийиш, иссиқдан сақлайдиган бош кийим, кўзойнак ва соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, имкон қадар ёғли, дудланган таомларни истеъмол қилмаслик, тез бузиладиган овқатлардан эҳтиёт бўлиш керак.

Танада сув балансини ушлаб туриш учун кунига ўртача 2-3 литр суюқлик (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар, қуритилган меваларнинг қайнатмалари) ичиш тавсия этилади. Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилиш мумкин эмас.

Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.

Қолаверса, жазирама пайти имкон қадар тўғридан-тўғри қуёш нури тушадиган жойда жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслик тавсия этилади. Агар шундай бўлган тақдирда қуёшдан ҳимояланиш учун бош кийим кийиш, ора-ора салқин жойда дам олиш мақсадга мувофиқ. Бу эса тананинг ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, жазирама пайти қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши натижасида юзага келади. Жабрланувчида кўнгил айниши, қусиш, бурундан қон кетиш, кўришнинг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Оғир ҳолатларда эса алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин.

Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизилиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак.

Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Эрон олий раҳнамоси Европа давлатларида Қуръоннинг ёқиб юборилишига муносабат билдирди  
Молия
2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари рекорд даражадаги 17 млрд долларга етди
Маҳаллий
Фотогалерея: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги тарихий алоқалар