Twitter ҳар куни 1 миллиондан ортиқ аккаунтларни ўчириб ташламоқда. Бу ҳақда компания ҳисоботига таяниб, «РБК» хабар берди.
Ҳисобот миллиардер Илон Маск агар компания спам-ботлар ижтимоий тармоқ умумий фойдаланувчиларининг 5 фоиздан камроғини ташкил этишини исботламаса, Twitter’ни сотиб олиш бўйича келишувни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилганидан кейин эълон қилинди.
Илон Маск Twitter’ни апрель ойи охирида сотиб олишга рози бўлди. Келишув 44 млрд долларга баҳоланди.
Даставвал миллиардер банклардан 25,5 млрд доллар қарз олиб, яна 21 млрд долларни ўз пулидан тўлашни режалаштирган.
13 май куни у ижтимоий тармоқдаги сохта аккаунтлар сонини текшириш зарурати туфайли битим тўхтатилганини маълум қилди.
Кейинчалик Илон Маск ботлар сони 5 фоиздан кам бўлмагунча Twitter’ни сотиб олмаслигини айтди.