Июлнинг дастлабки кунларида Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларда тинч аҳолининг мол-мулкларига ҳам ҳужумлар бўлган. Улардан бири 23 йилдан буён Қорақалпоғистонда яшаб келаётган хоразмлик фермер Жабборберди Исмоилов.
Фуқаро «Дарё» мухбири билан суҳбатда Шуманай туманида жойлашган фермер хўжалигига ҳужум бўлгани ҳақида гапириб берди.
1956 йили Хоразм вилоятида туғилганман. 1999 йили Қорақалпоғистон Республикасига келганман, мана бу йил 23 йил бўлди. Деҳқончилик билан шуғулланаман, ўзим билан бирга оила аъзоларим, қариндошларимни олиб келиб иш билан таъминлаганман. Ҳар йили кўпгина инсонларни иш билан таъминлаймиз. Буғдой, шоли, пахта етиштириш билан шуғулланамиз.2 июлдан 3 июлга ўтар кечаси соат 00:30 ларда ухлаётгандик, ташқарида тўс-тўполон бўлиб кетди. Бақир-чақир овозидан уйғониб, ташқарига чиқсам ҳамма жой кундуздек ёруғ бўлиб турибди. Комбайнимизнинг орқа балонида бир тонна карбамид бор, янги олинган деҳқонлар машинаси бор эди, унинг орқа қисми, иккита тракторимиз бор эди, уларнинг ҳам орқа қисми ёнаётган экан.
Неварам 23 ёшли Жалолиддин 12 метрлик вагон-уйимизда ухлаб ётганди, уни уйғотдим. Кейин қарасам техникларимизни синдираётган одамларнинг ҳаммаси қочиб кетибди. Улар кийимларини бошларига ниқоб тариқасида кийиб олиб, техникаларимизга зарар етказаётган экан. Ёниб турган барча нарсани ўчирдик ва ички ишлар органларига қўнғироқ қилдим. Олов пасайгач улар яна қайтиб келишди. Улар 6-7 киши эди. Яқин келиб, қўлларидаги турли воситалар билан бизни урмоқчи бўлишди. Неварам қўрққанидан вагонга кириб кетди, мен эса қочиб кетдим. Қочиб кетаётганимда улар изимдан қувиб боришди, ўзимни қамишзорга отдим. Шу ерда яшириниб ётдим. Мени топа олмагач ортга қайтиб кетишди. Қайтиб борсам комбайнларим, бир вагон ичидаги 150 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлар ёниб кетибди. Ҳозир ҳужум қилганларни тутиб келишди, тергов давом этяпти.
Жабборберди Исмоилов
Нукус воқеалари хронологияси
1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди. Жамоат тартибининг бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.
«Нега менга телефон қилиб айтмадинг одамлар норози бўлаётганини? Менга ҳам Қорақалпоғистоннинг эртаси, тинчлиги керак», — деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча фуқароларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.Шундан сўнг президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, бир қатор чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилиши белгиланди.
3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди.
4 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Мени Қорақалпоққа бош қилиб, изимдан юришингизни сўрайман», дея халқни митингга чорлаган блогер Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётганини маълум қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, генерал майор Рустам Жўраев Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда 14 нафар фуқаро тартибсизликлар содир бўлган жойда турли даражадаги жароҳатлардан вафот этгани, улардан 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганини маълум қилди. Шунингдек, хизмат бурчини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан ҳам 4 нафари ҳалок бўлган.
Мавзуга доир:
- Аҳолини митингга чақирган ва қорақалпоқ элига раҳбар бўлмоқчи бўлган Даулетмурат Тожимуратов, хизмат ходимларининг буюмларини олиб қўймоқчи бўлган намойишчилар. Қорақалпоғистондаги воқеалар қандай бошланган эди?
- «Оломонни тарқатиш мақсадида қизил рангли бўёқ сувга аралаштириб сепилган» — Миллий гвардия
- Юк машинаси ёқиб юборилган ҳайдовчи: «Машинани чиқариб, йўлни ёпамиз, бўлмаса ёндирамиз, дейишди»