1-2 июль кунлари Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган тартибсизликлар натижасида ҳарбий автобуслар, тинч аҳолининг машиналарига ҳам зарар етган. Хусусан, Навоий вилоятидан Қорақалпоғистонга юк машинасини ҳайдаб келган Искандар Икромовнинг машинаси ҳам тартиббузарлар томонидан ёқиб юборилган.
Искандар Икромов «Дарё» мухбири билан суҳбатда ушбу воқеа қандай содир бўлганини айтиб берди.
Мен Навоийдан 1 июль куни тушдан сўнг Нукус шаҳрига кириб келдим. Машинамда мактаб қурилишига зарур бўлган плиталар бор эди. Манзилимга бориб, телефон қилишиб, йўлга чиқмаслигиизни, йўллар ёпилганини, тўпалон бошланганини айтишди. Ўша куни жойимизда қолдим.2 июлга ўтар кечаси соат 12:00 лар атрофида биз турган жойга кўпчилик бўлиб келишди. Машинамни очишни айтишди, очдим, ҳеч нарса йўқ эди. Миллатимни сўрашди, ўзбек дедим. Кейин улар сўкиниб кетди. «Машинани чиқариб, йўлни ёпамиз, бўлмаса ёндирамиз», дейишди, мен машина ёнмаслигини айтдим. У эса ўзим ёндираман деб машинанинг рул томонига ўзи ўтирди. Ҳайдолмаганидан кейин тушиб, менга қараб «ўзинг ўтирасан рулга» дейишди. 10 метр юрганимиздан кейин яна туширди, тушмоқчи бўлганимда шерикларидан бири ўртага тортди. Машинада 4 киши бор эди. Бошқа одамлар эса машинанинг ёнидан кетди. Машинани эса йўлга олиб чиқди ва тўсиб қўйди йўлни.
У ерда мени ҳам машинадан тушириб, аҳоли тўпланган жойга боришим кераклиги, уларга қўшилишимни айтди. Машинанинг четига ўтганимда нотаниш одамлардан бири бу атрофлардан қочишимни маслаҳат берди ва йўлдан четга ўтказди. Шундай қилиб мен қочдим. Машина ёнган вақтида эса йўқ эдим у ерда.
Ўша одамларнинг қўлларида турли нарсалар бор эди. Таёқ, дубинка ва ҳоказо. Ўзимни уришмади, лекин тепишди, ҳақорат қилишди.
Эрталаб соат 6:00 ларга яқин борсам машинани ёқиб юборишибди, кул бўлибди, ҳужжатларим ҳам ёқиб кетган. Ариза ёзиб бердик, зарарни қоплаб беришларидан умид қиламан.
Искандар Икромов, ҳайдовчи
Нукус воқеалари хронологияси
1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди. Жамоат тартибининг бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.
«Нега менга телефон қилиб айтмадинг одамлар норози бўлаётганини? Менга ҳам Қорақалпоғистоннинг эртаси, тинчлиги керак», — деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча фуқароларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.
Шундан сўнг президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, бир қатор чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилиши белгиланди.
3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди.
4 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Мени Қорақалпоққа бош қилиб, изимдан юришингизни сўрайман», дея халқни митингга чорлаган блогер Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётганини маълум қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, генерал майор Рустам Жўраев Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда 14 нафар фуқаро тартибсизликлар содир бўлган жойда турли даражадаги жароҳатлардан вафот этгани, улардан 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганини маълум қилди. Шунингдек, хизмат бурчини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан ҳам 4 нафари ҳалок бўлган.
Мавзуга доир:
- Аҳолини митингга чақирган ва қорақалпоқ элига раҳбар бўлмоқчи бўлган Даулетмурат Тожимуратов, хизмат ходимларининг буюмларини олиб қўймоқчи бўлган намойишчилар. Қорақалпоғистондаги воқеалар қандай бошланган эди?
- «Оломонни тарқатиш мақсадида қизил рангли бўёқ сувга аралаштириб сепилган» — Миллий гвардия