Нукусда содир бўлган оммавий тартибсизликлар натижасида ҳарбий автобус ва аҳолига тегишли бўлган катта машиналар ёндирилган. Қорақалпоғистон Республикаси комендатурасининг хабар беришича, Нукусдаги оммавий тартибсизликларда олдиндан пухта тайёргарлик кўрган, турли ҳарбий тактикалардан хабардор гуруҳлар иштирок этгани бир қанча далиллар билан очиқланиб бормоқда. «Дарё» мухбирлари Қорақалпоғистонга қилган хизмат сафари давомида шаҳардан фоторепортаж тайёрлади.
Ўша куни тунда ҳарбий хизматчиларни олиб кетаётган 2 та махсус автобусга аниқ тактика орқали ҳужум уюштирилган. Воқеа иштирокчиси бўлган ҳарбийлар билан суҳбатда айтилишича, кўчаларда дастлаб бир нечта машина балонлари ёқилиб, баррикада ҳосил қилинган ва йўллар тўсилган. Баррикадани айланиб ўтиш учун автобуслар секинлашганда қоронғу ва пана жойдан бир гуруҳ шахслар отилиб чиқиб, оғир тошлар билан ойналарни синдирган.
Шундан сўнг, синган жойдан қўлбола ясалган «Молотов коктейли» отилган. Натижада автобус ичида ёнғин келиб чиққан (суратда ҳам автобус ичи қоп-қора бўлиб кетганини кўриш мумкин). Сўнгги босқичда автобусга олдиндан тайёрлаб қўйилган челакларда бензин сепилган. Катта эҳтимол билан бундан мақсад, автобус ичидаги ёнғинни катта алангага айлантириш ва бу орқали ёки ичкаридаги ҳарбийларни тириклай ёқиб юбориш, ёки ёнғиндан қочиб, эшикларни очиб ташқарига чиққанда уларни асир олиш бўлган.
Ҳайдовчининг чаққонлиги сабаб челакларда сепилган бензин автобус ичига эмас, балон атрофига теккан (расмда бензин доғи кўриниб турибди). Автобус ичидаги ёнғинни эса бир амаллаб ўчириб олишган, аммо бу жараёнда бир қанча ҳарбий хизматчилар турли даражадаги оғир ва енгил куйиш тан жароҳатини олган. Чунки кимларнингдир кийимлари ҳам ёниб кетган. Аллоҳга шукрки, ҳеч ким вафот этмаган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳам тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, расмларда тартиббузарлар томонидан ёқиб юборилган тинч аҳоли ва тадбиркорларнинг транспортларини ҳам кўриш мумкин.
Июль ойининг дастлабки кунларида содир бўлган воқеалардан кейин ҳозирда Нукусда ҳаёт одатий тарзда давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, бир қатор чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилиши белгиланди.
3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, генерал майор Рустам Жўраев Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда 14 нафар фуқаро тартибсизликлар содир бўлган жойда турли даражадаги жароҳатлардан вафот этгани, улардан 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганини маълум қилди. Шунингдек, хизмат бурчини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан ҳам 4 нафари ҳалок бўлган.
Ҳозирда болалар боғчалари, бозорлар, аҳолини иш билан таъминлаш марказлари ҳамда бошқа жамоат жойлари одатий тартибда иш олиб бормоқда. Суратларда Нукус тумани, «Совёнок» давлат хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳамда Нукус шаҳридаги Мономарказдаги одатий ҳаёт тарзи.