Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида Lavander Festival — лаванда фестивали ўтказилмоқда. «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов фестивалда иштирок этиб, у ердан фоторепортаж тайёрлади.
Фестиваль иштирокчиларига лаванда боғларининг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан татиб кўриш, лавандазордаги унутилмас фотосессияларда иштирок этиш имконияти тақдим этилмоқда.
Фестиваль доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилмоқда.
Фестивальга ташриф буюрган меҳмонлар папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳатда иштирок этмоқда.
Шунингдек, тиббиёт туризми ва мутахассислар кўриги, концерт ва шоу дастурлари бўлиб ўтмоқда.
Фестивальга мамлакатнинг турли ҳудудларидан меҳмонлар, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия каби давлатлардан туристлар, инфлюенсерлар, фотосессия ихлосмандлари ва моделлар, санъаткорлар, журналистлар ва блогерлар ташриф буюрмоқда.
Учкўприк туманидаги шифобахш ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган «Меҳригиё» корхонасининг табиий лаванда боғларида ташкилланган Lavander Festival 31 июнга қадар давом этади.
Доривор ўсимликлар етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада шифобахш гиёҳлардан юздан зиёд тиббий ва косметик маҳсулотлар тайёрланмоқда.
2018 йили Ўзбекистон туризм объектлари рўйхатига киритилган корхонада айни кунларда 25 гектар майдонда лаванда, годжи, папайя, мушмула, қаҳва, киви, банан каби цитрус мевалардан тортиб, резавор ўсимликлар, турли доривор гиёҳлар етиштирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда илк марта лаванда фестивали 2021 йилнинг 6–16 июнь кунлари ўтказилган эди.
Изоҳ (0)