Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг айтишича, вилоят ва туман ҳокимликларининг ахборот хизмати раҳбарлари ҳокимларнинг ўнг қўли бўлиши керак. Бу ҳақда у «Дарё» билан суҳбатда гапириб берди.
«Ҳокимиятлардаги, шунингдек туман ҳокимликларидаги матбуот котиблари ҳокимнинг ўнг қўли бўлиши керак. Ва уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилиши лозим. Боиси, хоҳлайсизми йўқми матбуот котиблари барча ОАВ вакиллари билан мулоқот қилади. Улар билан ахборот алмашади. Шундай пайтда матбуот котибларида ҳам сифатли материаллар тайёрлашга имконият ва шароит бўлиши лозим. Қолаверса, матбуот котиблари ОАВ вакиллари, хусусан блогерлар билан ҳам мулоқот қилиб, муаммони тўғридан-тўғри ҳокимга етказиши керак», — деди вилоят ҳокими Тўра Боболов.
Сурхондарё ҳокимининг айтишича, матбуот котиблари қанчалик тезкор бўлса, ҳоким ҳам шунча кўп ахборотлардан бохабар бўлиб туради.
«Ҳокимнинг матбуот котиби ҳоким кўрмай қолаётган янгиликларни ўз вақтида ҳокимга етказиб туриши керак. У нафақат ўзининг туманидаги, қўшни туманлардаги янгиликларни ҳам ҳокимга етказиб, бохабар қилиб туриши керак», — дейди Тўра Боболов.
Сурхондарё ҳокимининг қўшимча қилишича, у матбуот котибига барча шарт-шароитларни яратиб берган.
«Хизмат автомобилимиз Traceр русумли автомобиль бўлиб, алоҳида ҳайдовчи ҳам ажратилган. Шунингдек, барча техникаларимиз — фотоаппарат, замонавий компьютерларимиз бор. Ҳокимлик биносида қабулхонага яқин жойдан алоҳида хона ажратилган бўлиб, барча жиҳозлар билан таъминланган», — дейди Тўра Боболовнинг матбуот котиби Муродбек Давлатов.
Муродбек Давлатовнинг маълумот беришича, вилоятда фаолият юритувчи шаҳар ва туман ҳокимлари матбуот котибларининг икки нафарида хизмат автомобили бор.
«Қолганларига фармойиш билан машина бириктирилган, аммо алоҳида автомобиль ажратилмаган», — дейди Тўра Боболовнинг матбуот котиби.
Сурхондарё ҳокими ҳудуддаги ҳокимликлар матбуот котибларининг барчасини танишини, улар муаммони тўғридан-тўғри вилоят ҳокимига етказа олиши мумкинлигини таъкидламоқда.
«Барча туман ва шаҳар ҳокимларининг матбуот котибларини яхши танийман. Ҳудудларга борганимда улар билан алоҳида гаплашаман. Муаммолари бўлса, эшитиб ҳал қиламан. Тан олишимиз керак, Сурхондарёда матбуот котибларига етарлича шарт-шароит яратиб бермаган ҳокимлар бор. Энди уларни алоҳида санамайман. Хулоса қилишади деган умиддаман», — дейди Тўра Боболов.
Изоҳ (0)