2022 йилнинг 28 май куни «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖда банкнинг 2021 йилдаги фаолиятига бағишланган акциядорларнинг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида банк раҳбариятининг 2021 йил учун йиллик ҳисоботи ўқиб эшиттирилди. «Ўзмиллийбанк» АЖнинг 2022 йил 1 январь ҳолатига активлари 89,9 триллион сўмни, кредит портфели 74,0 триллион сўмни, ўз капитали 14,8 триллион сўмни, жалб қилинган депозитлари 22,1 триллион сўмни ташкил этди. Банкнинг режалардаги кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган.
Шунингдек, йиғилиш давомида халқаро аудиторлик ташкилоти Ernst & Young МЧЖнинг 2021 йил якунлари бўйича банк фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ўқиб эшиттирилди.
Йиғилишда банк кузатув кенгашининг янги таркиби тасдиқланди. Кузатув кенгашининг янги мустақил аъзоси сифатида — Ernst & Young’нинг Россия ва МДҲ бўйича катта маслаҳатчиси Стюарт Лоусон тайинланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»даги қонуни талабларига асосан, «Ўзмиллийбанк» АЖнинг бошқарув раиси ва бошқарув аъзолари билан меҳнат шартномаларини узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Банк акциядорлари бошқарув раиси ва бошқарув аъзолари билан шартномаларни узайтиришни бир овоздан маъқулладилар.
Учрашув якунида, акциядорлар томонидан банкда трансформация жараёнини жадаллаштириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича вазифалар аниқлаб олинди ҳамда банкнинг молиявий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича мақсадлар белгилаб олинди.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)