Киевнинг «Динамо» клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Максим Шацких «Пахтакор» клубида спорт директорлиги лавозимида иш бошлади. Бу ҳақда «шерлар» матбуот хизмати маълум қилди.
«Шерлар» 43 ёшли мутахассис билан шартнома имзолаган. Унинг тафсилотлари очиқланмаган.
Бунга қадар ушбу лавозимда Жаъфар Ирисметов фаолият юритарди.
«Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланган Шацких футболчилик фаолиятини Ўзбекистондан ташқарида ўтказган. У «Динамо Киев» (1999—2009), «Арсенал Киев» (2010—2012, 2013) ва бошқа қатор клубларда тўп сурган. 1999—2014 йиллар мобайнида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳаракат қилган.
2016 йилда бутсиларини михга илган Шацких «Динамо Киев»да мураббий ёрдамчиси сифатида иш бошлади. 2019 йилда Россиянинг «Ротор» клуби бош мураббийига ассистент бўлди ва 2021 йилдан у ердан кетганидан бери ишсиз юрганди.
Изоҳ (0)