«Ноттингем Форест» Англия Премьер Лигасининг 2022/23 йилги мавсумига йўлланма олди.
Стив Купер қўл остидаги жамоа АПЛга чиқиш йўлидаги плей-офф финалида «Ҳаддерсфилд»ни мағлубиятга учратди (1:0).
Шу тариқа «Форест» 1999 йилдан бери илк бор Премьер Лигада ўйнайдиган бўлди. Аввалроқ «Фулҳэм» ва «Борнмут» АПЛ йўлланмасига эга чиққанди. «Бёрнли», «Уотфорд», «Норвич» эса 2021/22 йилги мавсум якунларига кўра, Чемпионшипга равона бўлган.
1865 йилда ташкил этилган «Ноттингем Форест» клуби Англиянинг 1977/78 йилги мавсуми чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, жамоа икки марта Европа Чемпионлар Кубогида (1979, 1980) бош совринни қўлга киритган. 1998/99 йилги мавсумдан кейин АПЛни тарк этган «ўрмончилар» узоқ вақт давомида Чемпионшип ва ҳатто учинчи дивизионда ҳам юрди.
Изоҳ (0)