Америка разведкаси Украинани Россия армияси қўмондонлик пунктларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар билан таъминламоқда. Бу ҳақда New York Times АҚШ ҳукуматидаги аноним манбаларга таяниб, хабар берди.
Ушбу разведка маълумотлари Украинага Россия армиясининг штаб-квартирасига зарба йўллашга имкон берган, бу эса, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 12 нафар россиялик генералнинг ўлимига сабаб бўлган.
Украина АҚШ ва ўз разведкасининг маълумотларини бирлаштириб зарба бермоқда, дейди манбалар, жумладан, штаб-квартирада юқори мартабали зобитлар борлигини билдирувчи алоқа тўлқинлари тутиб қолинган.
Шу билан бирга, Нью-Йорк Times манбаларининг айтишича, Қўшма Штатлар Украинага Россия армияси юқори раҳбариятининг ҳаракати ҳақида маълумот бермаяпти. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов ташриф буюрган Изюмдаги штаб-квартирага ҳужум Америка разведкасининг ёрдамисиз режалаштирилган.
АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг расмий вакили New York Times газетасига Қўшма Штатларнинг Украина билан разведка маълумотларини баҳам кўришдан мақсад Россия генералларини ўлдириш эмаслигини айтди.
Аввалроқ Буюк Британия Қуролли Кучлари вазири Жеймс Хиппи «Украина тупроғида ўлим ва қон тўкилишига бевосита ҳисса қўшадиган таъминот занжирларини узиш» мақсадида Украинанинг Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришини «мутлақо қонуний» деб атаган эди.