Қозоғистон Конституция кенгашига мамлакат асосий қонунидан биринчи президент мақоми ва ваколатлари ҳақидаги нормани олиб ташлаш ҳақида мурожаат юборилди. Сабаби мамлакат биринчи раҳбарининг тарихий ўрни барчага маълум ва у давлатнинг асосий қонунига бириктириш эҳтиёжига эга эмас, деган Қозоғистон республикаси давлат котиби Ерлан Карин.
«Бугун Конституция кенгаши асосий қонунга ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳага ижобий хулоса берди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Конституция кенгашига биринчи президентнинг мақоми ҳақидаги нормани бекор қилиш тўғрисида мурожаат юборилган», — деб ёзган Карин Telegram-каналида.
«Ишчи гуруҳ аъзоларининг фикрича, биринчи президентнинг тарихдаги роли барчага маълум ва уни конституцияда алоҳида белгилаш зарурати йўқ», — деган у.
Ўз навбатида, конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ вакили Марат Башимов жамоатчилик конституция ислоҳотларини деярли тўлиқ қўллаб-қувватлагани, хусусан, асосий қонундан республика биринчи президенти мақоми ҳақидаги нормани олиб ташлаш ҳам ижобий қарши олинганини қайд этди.
«Мазкур норма биринчи президентга икки муддатдан кўпроқ сайланиш ҳуқуқини берувчи, унинг мақоми ва ваколатларини конституция ва конституцион қонун билан белгилаб бериш тўғрисида», — деб ёзган Башимов ижтимоий тармоқларда.
Шу билан бирга, у жамоатчиликда Қозоғистон мустақиллигининг асосчиси сифатида биринчи президент мақомини белгиловчи 91-моддани ўз кучида сақлаб қолиш кескин норозилик уйғотганини таъкидлаган.
«Шунинг учун конституцияга киритиладиган ўзгартиришларни тайёрлаган ишчи гуруҳнинг айрим аъзолари давлат раҳбарига асосий қонундан биринчи президентнинг тарихий роли ҳақидаги эслатмани олиб ташлаш таклифини юборди, чунки ушбу жумлалар ҳеч қандай ҳуқуқий юкламага эга эмас», — дея маълум қилган Башимов.
«Ишчи гуруҳ аъзолари фикрини ҳисобга олиб, Конституция кенгашига қўшимча мурожаат юборилган. Кенгашнинг якуний мажлисида Конституцияга ўзгартиришлар лойиҳаси юзасидан якуний қарор чиқарилган», — дея қўшимча қилган у.
«Шу тариқа Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар ҳақидаги лойиҳага мувофиқ биринчи президент мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги барча нормалар асосий қонундан чиқариб ташланмоқда», — дея тушунтирган Башимов.
Аввалроқ Қозоғистон конституциясига киритиладиган ўзгартиришларда мамлакат мустақиллигининг асосчиси, биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мақоми ҳақидаги нормалар қайтадан ёзилиши режалаштирилгани хабар қилинганди.
Мамлакатда «Қозоғистоннинг биринчи президенти тўғрисида»ги қонун ҳанузгача амал қилади, унда Назарбоевнинг ваколатлари тугаганидан кейинги сиёсий-ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатлари белгилаб берилган.Мавзуга доир: Қозоғистонда камбағаллик даражаси ортиб бормоқда