Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) дунёда ўткир озиқ-овқат тақчиллиги кучайиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда FAO сайтида келтирилган.
БМТ, Европа Иттифоқи, ҳукумат ва нодавлат ташкилотларнинг озиқ-овқат инқирози бўйича халқаро альянси бўлган Глобал озиқ-овқат инқирозига қарши кураш тармоғи (ГНAFC) ҳисоботида айтилишича, ўткир озиқ-овқат хавфсизлигига дуч келган одамлар сони бир йилда қарийб 40 миллион кишига кўпайган.
Ҳужжатга кўра, 2021 йилда 53 мамлакатда камида 193 миллион киши можаролар, иқтисодий зарбалар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари натижасида очлик хавфи остида қолган.
Энг кўп жабрланган 53 давлат орасида Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Яман ва Афғонистон бор бўлиб, у ерда миллионлаб одамлар очликдан азият чекмоқда.
«Ўткир очлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилмоқда, глобал вазият эса ёмонлашишда давом этмоқда. Можаролар, иқлим инқирози, COVID-19, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши мукаммал бўронни ҳосил қилди, энди бўлса Украинадаги уруш фалокатни оширмоқда. Кеч бўлмасдан уларни тубсизлик ёқасидан қайтариш ва глобал инқирознинг йўналишини ўзгартириш учун биз фавқулодда молиялаштиришга муҳтожмиз», — деди БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.
Аввал Дэвид Бизли SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маскни дунёда очлик муаммосини ҳал қилишга чақирган эди.