Дания элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, элчихонанинг етти нафар ходимини чиқариб юбориш тўғрисидаги Москванинг қароридан хабардор қилинди. Бу Даниянинг Россия элчихонасидаги 15 нафар ходимни persona non grata деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорига, шунингдек, «Дания расмийлари томонидан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатилиши»га жавоб бўлган.
Москванинг рўйхатида кўрсатилган дипломатлар икки ҳафта ичида Россияни тарк этиши керак. Яна бир даниялик дипломатга виза берилмади.
«Россия томони қиролликнинг очиқдан очиқ антироссия сиёсати икки томонлама муносабатларга жиддий зарар етказишини билдирди», — дейилади ТИВ хабарида. Россия «Копенгагеннинг дўстона бўлмаган ҳаракатларига» жавобан қўшимча чоралар кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, бу чоралар Дания томонидан кейинроқ хабар қилинади, дея қўшимча қилган вазирлик.
Дания қироллиги 5 апрель куни 15 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишга қарор қилганди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Еппе Кофод улар жосуслик билан шуғулланганини айтди. Унинг таъкидлашича, Дания ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишни хоҳлайди, бу қарор эса «Европанинг бошқа кўплаб мамлакатлари» ортидан қабул қилинган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Москва бу ҳаракатга жавоб қайтаришини ваъда қилганди.
Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан сўнг, ўнлаб Европа давлатлари, шунингдек, Япония россиялик дипломатларни чиқариб юборди. Россия томони улардан баъзиларига жавоб тариқасида дипломатик ваколатхоналар ходимларини чиқариб юбориш билан муносабат билдирган.
Мавзуга доир: