Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ёсимасу Хаяши 30 апрель куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили.
Япония ташқи ишлар вазирига Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев университет тарихи ва фаолияти, Япониядаги ҳамкор университетлар билан муносабатларни ривожлантириш бўйича маълумотлар, япон тилини ўрганиш дастурларини таништирган.
Вазирга ЖИДУ фахрий доктори унвонини бериш тўғрисидаги университет Илмий кенгашининг қарори ўқиб эшиттирилган ҳамда бу ҳақдаги диплом ва мантия тантанали равишда топширилган.
ЖИДУ фахрий доктори Ёсимасу Хаяши университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари олдида сўзга чиқиб, Япония Ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти, Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳақида айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида Содиқ Сафоев Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ва дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» ордени билан тақдирланган. «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» Япониянинг энг юқори ордени бўлиб, у билан фақат юқори натижаларга эришган шахслар тақдирланади ва у Ўзбекистонда биринчи марта берилган.
Изоҳ (0)