Сурхондарё вилояти Музработ туманида тақиқланган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган шахс ушланди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилган тезкор тадбир давомида Музработ туманида яшовчи А.А.нинг Redmi 6 А русумли телефон аппарати кўздан кечирилган. Шунда Telegram ижтимоий тармоғида унинг шахсий телефон рақамига очилган профилига хорижий давлатга тегишли рақам фойдаланувчиси ҳисобланган Ўзбекистон фуқароси С.А.дан Шайх Обидхон қорининг «Олимларимизни ҳимоя қилайлик», Муҳаммад Рафиқ қорининг «Исломий сиёсат ва халифалик нима?» ва Рашод қорининг «Халифалик ҳақида» номли маърузалари келгани аниқланган. Бу видеоматериалларни у бошқаларга ҳам тарқатгани маълум бўлган.
Ушбу маърузалар DVD+Р дискига кўчириб олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага юборилган.
Қўмитанинг хулосасига кўра, ушбу видеоматериаллар амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга қаратилган, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган.
Давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қиладиган ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёда террорчилик ғояларни тарғиб қилган бир гуруҳ шахслар ушлангани, Самарқандда Суриядаги террористик ташкилотлар сафига қўшилишни режалаштирган фуқаро қўлга олингани, Хоразмда Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган 4 нафар йигит ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)