Twitter акциядори Марк Бейн Раселла Илон Маскни акциялар билан боғлиқ фирибгарлик учун судга берди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Tesla бош директори Маск акциялар нархини сунъий равишда пасайтиришда айбланмоқда. Марк Бейн Раселланинг даъво қилишича Маск ўз улушини 24 мартгача ошкор қилиши керак бўлган.
Фирибгарлик учун даъво қилинган ариза Манхэттен федерал судига кўриб чиқиш учун тақдим қилинган.
Маълумотни ўз вақтида ошкор қилмаслик Илон Маскка акцияларни арзонроқ нархда сотиб олишга имкон берган. Маск компаниядаги улушини оммага эълон қилгач, Twitter акциялари 3 кун ичида 27 фоизга кўтарилиб, 39,3 доллардан 49,9 долларга етган.
Маълумотларга кўра, Маск акциялар ошиши натижасида қарийб 1,1 млрд долларга бойиган.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’нинг 9,2 фоиз улушини 2,89 млрд долларга сотиб олиб, компаниянинг энг йирик акциядори бўлган эди.
Изоҳ (0)