Ижтимоий тармоқларда Янги Наманган тумани «Ишонч» МФЙ ҳудудидаги ариқдан ҳар куни қон оқаётгани айтилган мурожаат тарқалди. Наманган вилояти ФВБ ҳолатга муносабат билдириб, бу бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Ўрганишлар давомида «Ишонч» МФЙ Газина кўчасида жойлашган хусусий тадбиркорга тегишли «Ҳайвон сўйиш» шохобчасининг канализациясида носозлик юзага келгани сабабли канализация тармоғи маҳаллий аҳоли суғориш тармоғига тошиб чиқаётгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят ФВБ, Наманган шаҳар Ветеринария ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, канализация хизмати ходимлари томонидан хавф бартараф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram’даги канали орқали Наманган вилоятининг Чуст туманида канализация тармоғидан «қон оқаётгани» тасвирланган видеони эълон қилганди. Кейинроқ вилоят сув таъминоти ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ўтказиб, оқова тармоқларида оқаётган қизил рангли суюқлик қон эмас, тармоққа уланган тозалаш воситалари ишлаб чиқарувчи фабрикадан чиққан кимёвий моддалар таъсирида оқова сувларининг ранги эканини аниқлаганди.