Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида тиббиёт ходимлари шифохона ҳудудини тозалашга мажбур қилинган. Бу ҳақда вилоятда фаолият юритувчи блогер Отабек Артиков хабар берган.
Вазият ҳақида жамоатчиликка ахборот тарқатган блогер «Президент келганда ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган шифокорлар соғлиқни сақлаш вазири келишига тайёргарлик кўриш учун мажбуран ишлатилган», — дейди.Видеода тунги пайтда туман тиббиёт бирлашмаси ҳовлисидаги ўтларни тозалаётгани кўринган тиббиёт ходимларининг айтишича, тозалаш ишлари бўлиши кераклиги ҳақида туман тиббиёт бирлашмасига топшириқ бўлган.
Топшириқ айнан кимдан келгани ҳақида маълумот йўқ.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов «Дарё» сўровига жавобан ҳолат ўрганилаётганини, тез орада ахборот берилишини маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг бугун тарқатган ахборотида айтилишича, вилоятда вазирлик марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари, жами 150 нафардан ортиқ мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ иш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)