Самарқанд давлат университетига қарашли талабалар ётоқхонасида 29 март куни соат 02:00 ларда С.Э. исмли талаба қиз ўзини 9-қаватдан ташлаб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳар прокуратураси «Дарё»га ўз жонига қасд қилган С.Э. тўғрисида қўшимча маълумот берганди. Маълум қилинишича, у турмуш қурмаган бўлган. Шунингдек, университет масъулининг маълумотига кўра, ўқишдаги ўқитувчи ёки курсдошлари билан низоли ҳолатлари, бирор муаммоси бўлмаган. Марҳуманинг хонадошлари охирги вақтларда унинг кайфияти бўлмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрида Қашқадарёда техникум талабаси ётоқхонанинг 5-қаватидан тушиб кетиб, вафот этганди. Кейинроқ «Дарё» мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида техникум ётоқхонаси ва ўқув биносида бўлиб, марҳумани таниган-билганларни суҳбатга тортган эди.
Изоҳ (0)