Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 29 март куни Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев маросимда нутқ сўзлаб, лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталган. Ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган. Охирги бир йилнинг ўзида Туркия компаниялари билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилгани алоҳида қайд этилган. Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етади.

Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланган. Улар қўшимча 71 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини яратади, йилига 12 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирган. Сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эрдўғон рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширган ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради. Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29—30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши хабар қилинганди. 29 март куни Кўксарой қароргоҳида Эрдўғонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнг икки мамлакат етакчилари иштирокида Ўзбекистон—Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мулоқот аввалида Туркия етакчиси ва халқини Наврўз байрами билан табриклаб, «етакчи турк компаниялар билан аниқ лойиҳалар сонини кўпайтириш ниятида» эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида ҳамкорлик давом эттирилиб, мамлакатда янги университетлар иш бошлашини айтиб ўтган. «Ўтган йили Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон маданият кунлари муваффақиятли ўтказилди. Жорий йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Туркия маданият кунларини ўтказишни таклиф қиламан», — дейди Ўзбекистон президенти.

Йиғилишда Туркия президенти Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, «олти йилдан буён қардошим қатъийлик билан амалга ошираётган ислоҳотларни юксак баҳолаймиз. Бундан кейин ҳам Туркия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамроҳи сифатида қолади», — деди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Совуқ урушни бошлаган Черчилл, Чехиядаги шифохонада оммавий қотиллик ва Чили диктатори Пиночетнинг ўлими. Кун хронологиясида 10 декабрь
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 декабрь ёғингарчиликсиз ўтади
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар