Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Афсонавий арман актёри доимо қайғули кўринишининг ўзига яраша сабаблари бор эди. Карьерасида муваффақият қозонган Мкртчян оилавий ҳаётда ақл бовар қилмас фожиаларни бошдан кечирган.

Ажойиб муқаддима

Фото: «Домашний очаг»

Фото: «Домашний очаг»

Турк геноцидидан қочган арманнинг ўғли Фрунзик Мкртчян 15 ёшиданоқ киномеханик ёрдамчиси бўлиб ишга киради. Кинонинг сеҳрли олами уни шунчалик ҳайратда қолдирадики, йигит театр тўгарагига қатнаша бошлайди, кейин эса Ленинакан (ҳозирги Гюмри) театрига ишга киради. Бурни жуда катталиги туфайли саҳнада рол ижро қилиш учун турли масхараларга чидашга тўғри келарди.

«Худо инсониятга бурун берганида, у одамлардан ҳидлаш органига эга бўлишни хоҳлашларини сўрайди. Руслар бурунлари стаканга халақит бермаслигини хоҳлади. Грузинлар Кавказ тоғларига ўхшаганини сўради. Арман эса: «Нархи қанча?» деб сўради. Худо бу бепул деб жавоб берганида, арман: «Унда имкон қадар каттароқ бўлсин» деган, — деб ҳазиллашарди Мкртчян.

«Нон-шараф учун» фильмидан кадр (1956)

«Нон-шараф учун» фильмидан кадр (1956)

Аммо кейинчалик унинг бу камчилиги фазилатга айланиши мумкинлиги кашфиёт бўлди: ғайриоддий кўриниш Сирано де Бержерак ролини гримсиз ўйнашга имкон берди. Мкртчян бошқа ролларни ҳам шу қадар қойилмақом тарзда ижро этдики, натижада тез орада театр юлдузига айланди. Саҳнадан кейин актёр кинони забт этди. У талабалик йилларидаёқ фильмлардаги илк ролларини ўйнай бошлади. Карьерасида ҳаммаси аъло даражада эди, аммо шахсий ҳаёти ҳақида бундай деб бўлмасди.

Оилавий драма

Фото: «Домашний очаг»

Фото: «Домашний очаг»

Курсдоши Кнара билан бўлган биринчи никоҳи тезда ажралиш билан якунланди, ёш бўлгани учун бу нарса у учун фожиага ўхшамаганди. Фрунзикнинг иккинчи жиддий муносабати — ўзидан анча катта актриса Донара Пилосян билан эди. Донара эрини чин юракдан севди ва эвазига худди шундай меҳрни олган табиатан гўзал аёл эди. Театр олийгоҳида ўқиб юрганда танишган ёшлар тезда турмуш қуришди ва бирга ишлай бошлашди.

Донара суратга олиш майдончасига Мкртчянга тез-тез ҳамроҳ бўлиб борарди — «Кавказ асираси» фильмида у Жаброилнинг рафиқаси эпизодик ролини ҳам ўйнаган. Айнан у Шурикка Нина ўғирлаб кетилгандан кейин дарвоза олдида туриб, Кавказ тўйларининг ўзига хос хусусиятларини афсус билан тушунтиради.

«Кавказ асираси» (1966) фильмидан кадр

«Кавказ асираси» (1966) фильмидан кадр

Бир мунча вақт Фрунзик Мкртчян бахтдан сархуш эди: севимли рафиқаси, севикли болалари (қизи Нуне ва ўғли Вазген), у завқ билан борадиган иши ва жамоатчилик эътирофи. Аммо кейин ҳаммаси чаппасига кетди.

Фрунзик рафиқаси Донара ва қизи Нуне билан

Фрунзик рафиқаси Донара ва қизи Нуне билан

Донара тўсатдан жуда рашкчи ва гумонсирайдиган бўлиб қолди: у эрини ўзидан бир қадам ҳам нарига қўймасди, арзимаган нарсаларни деб жанжал қиларди, гастрол баҳонасида маъшуқалари олдига боради, деб эридан шубҳаланарди. Фрунзик аввал хотинини бундай эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилди, кейин эса ҳаммаси жонига тегди: суратга олиш ишлари ёки спектакллардан кейин кўпинча уйга қайтгиси келмасди: ё бўккунича ичарди, ёки шунчаки шаҳар кезарди. Уйдаги вазият бутунлай чидаб бўлмас ҳолга келганида, Мкртчян дўстларининг маслаҳатига амал қилди ва рафиқасини психиатр қабулига ёздирди.

Шизофрения ташхиси уларнинг ҳаётини аввал ва кейинга ажратиб юборди. Актёр рафиқасини даволашга жиддий киришди: уни Ереван ва Москвадаги энг зўр мутахассисларга кўрсатди, чет элга олиб кетди. Муқаррар вазиятга келиш учун кўп йиллар керак бўлди: Донарага ҳеч нарса ёрдам бермади, унинг аҳволи фақатгина ёмонлашиб борарди. Рафиқасининг соғлиғи учун елиб-югурган, Мкртчян кўплаб юлдузли ролларидан воз кечди — унинг карьерасида жимжитлик бошланди.

Фото: «Домашний очаг»

Фото: «Домашний очаг»

Охир-оқибат у Донарани Франциядаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга рози бўлди. Актёрнинг ўзи икки фарзандни тарбиялаш учун ишлашда давом этиши керак эди. Қизи Нуне турмушга чиқиб, Аргентинага кўчиб кетганидан кейин эса ўғли билан ёлғиз қолди.

Бу сафар у ҳаммасини тез тушунди: ўғли Вазгеннинг хатти-ҳаракати жуда ғалати бўлиб борар, онасининг қилиқларига ўхшарди. Шифокорлар бу шубҳани тасдиқлади: бир хил ташхис, бир хил аянчли тақдир. Бу янгилик Фрунзик Мкртчянни ақлдан оздирай деди. У фильмларда суратга тушиш, театрда ўйнашда давом этса-да, ич-ичидан рафиқаси ва ўғлининг жиннихонада яшашини қабул қила олмасди. Донара ва Вазген эса касалхона йўлагида учрашиб қолишганда ҳам бир-бирларини таний олмайдиган даражага етганди.

Охири

Фрунзик Мкртчян Тамара Ованнисян билан учрашганида ҳаётидаги қора ранглар қисқа вақтга бўлса-да ёрқин рангга айланди. Улар бир неча йил бирга яшашди, аммо олтмиш ёшида актёр яна ёлғиз қолди. Фрунзик ўттиз йилдан кўпроқ вақт давомида хизмат қилган театрни янги режиссёр тайинланишига рози бўлмаган ҳолда тарк этди.

Фото: «Домашний очаг»

Фото: «Домашний очаг»

У 1987 йилдан кейин эса фильмларда рол ўйнамай қўйди — унинг айтишича, ҳозирги ёшида бирор янги нарса қилишга жуда кеч. Мкртчян ўзининг театри бўлишини орзу қилган ва ҳатто уни яратиш устида ишлай бошлаган, аммо якунлашга улгуролмаган.

«Фрунз ўлишни хоҳларди, унга интилди, орзу қилди, ҳаётий инстинктларини шафқатсизларча йўқ қилди. Уни вақт ҳам, шароб ва тамаки ҳам ўлдирмади ... Йўқ, у атайлаб ўлим томон борди, ўғли ва хотинининг касаллиги туфайли яшашга куч топа олмади», — дея тушунтиради актёрнинг акаси Алберт Мкртчян.

1993 йил 29 декабрда Арманистоннинг энг севимли актёри ўз уйида юрак хуружидан тинчгина вафот этди. Ўша Янги йилда Ереван аҳолиси биринчи қадаҳни актёр хотираси учун жимгина кўтаришди

«Дарё нима ҳақда шовқин солмоқда» (1958) фильмидан кадр

«Дарё нима ҳақда шовқин солмоқда» (1958) фильмидан кадр

«01-99» (1959) фильмидан кадр

«01-99» (1959) фильмидан кадр

«Мусиқий гуруҳ йигитлари» (1960) фильмидан кадр

«Мусиқий гуруҳ йигитлари» (1960) фильмидан кадр

«Кавказ асираси» (1966) фильмидан кадр

«Кавказ асираси» (1966) фильмидан кадр

«Оқ роял» (1968) фильмидан кадр

«Оқ роял» (1968) фильмидан кадр

«Фотосурат» (1969) фильмидан кадр

«Фотосурат» (1969) фильмидан кадр

«Айрик» (1972) фильмидан кадр

«Айрик» (1972) фильмидан кадр

«Эркаклар» (1972) фильмидан кадр

«Эркаклар» (1972) фильмидан кадр

«Мимино» (1977) фильмидан кадр

«Мимино» (1977) фильмидан кадр

«Катта ютуқ» (1980) фильмидан кадр

«Катта ютуқ» (1980) фильмидан кадр

«Тарсаки» (1980) фильмидан кадр

«Тарсаки» (1980) фильмидан кадр

«Болалигимиз тангоси» (1984) фильмидан кадр

«Болалигимиз тангоси» (1984) фильмидан кадр

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маданият
«Худодан қўрқмаган одамдан қўрқдим». Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов оилавий низолар туфайли ижара уйда яшамоқда (видео)
Маҳаллий
«Одамлар ўлимида ўзимни айбдор ҳисобламайман» — Нукусдаги тартибсизликлар етакчиси Даулетмурат Тажимуратов
Маҳаллий
Самарқандда ўқувчининг онаси «замдиректор»ни калтаклади