Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён ҳарбий ҳаракатлар оқибатида 115 нафар украиналик бола ҳалок бўлди, яна 140 нафари яраланди. Бу ҳақда Украина Бош прокуратурасига таяниб, Meduza хабар берди.
БМТ маълумотларига кўра, Украинадаги уруш пайтида 847 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 1399 киши жароҳатланган. Ташкилотнинг қайд этишича, асл кўрсаткичлар бундан анча юқори бўлиши мумкин.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 20 мартга ўтар кечаси Харьков саноат округининг ўққа тутилиши натижасида бир эркак ва тўққиз ёшли бола ҳалок бўлган. Маҳаллий полиция бошлиғи ёрдамчиси Вячеслав Марков беш нафар тинч аҳолининг ўлими ҳақида хабар бермоқда.
Шунингдек, Мариупол шаҳар кенгаши 19 март куни Россия қўшинлари шаҳарнинг Левобережний туманидаги 12-санъат мактабига авиазарба бергани ҳақида хабар қилмоқда.
Отишма вақтида бинода 400 га яқин тинч аҳоли, асосан аёллар, болалар ва қариялар яширинган эди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бино вайрон бўлган, тинч аҳоли эса вайроналар остида қолмоқда. Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот ҳозирча йўқ.
Мариупол март ойи бошидан бери рус армияси томонидан қамалда. Аввалроқ шаҳарда тинч аҳоли бошпана қилган маҳаллий туғруқхона ва драма театри ўққа тутилган эди.
Изоҳ (0)