Россия президенти Владимир Путин 11 март куни Беларусь президенти Александр Лукашенко билан суҳбатда СССР ҳам санкциялар остида яшагани, аммо улкан муваффақиятларга эришганини айтди. Россия президенти бу билан дунё ҳамжамияти томонидан мамлакатга киритилаётган санкцияларга жавоб бермоқчи бўлди. Россия етакчиси гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин? Собиқ совет давлати ҳам улкан санкциялар босимига дуч келганмиди ва бу санкциялар унинг ривожланишига қандай таъсир кўрсатган эди? «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров шу ҳақда фикр юритади.
Ибтидосиданоқ санкцияларга йўлиққан РСФСР
1917 йил октябрь ойида рўй берган инқилоб натижасида ҳокимият тепасига келган Ленин бошлиқ болшевиклар вақтни бой бермай, Россияни Биринчи жаҳон урушидан олиб чиқиш учун Германия билан алоҳида тинчлик шартномасини тузади. Бу эса Россиянинг иттифоқчилари бўлмиш Франция ва Буюк Британиянинг кескин норозилигига сабаб бўлади.Чунки Россиянинг урушдан чиқиши шарқий фронтнинг ёпилишига ва Германиянинг барча кучларни ғарбий фронтга сафарбар қилишига олиб келар эди. Қолаверса, уч давлат ўртасида тузилган Антанта келишувларига кўра, томонларнинг ҳеч қайси бири алоҳида тинчлик шартномаси тузмасликка келишиб олганди.
Буюк Британия ва Франция Германияни мағлуб этгач, Россия совет федерал социалистик республикасини (РСФСР) тўлиқ иқтисодий блокадага олишни бошлайди. Уларга АҚШ ва Европанинг бошқа давлатлари ҳам қўшилади. Иқтисодий блокаданинг сабабларига сепаратистик шартномадан ташқари, совет ҳукуматининг мамлакатдаги чет эл компанияларини миллийлаштириши ва собиқ подшо Россиясининг қарзларини тўлашдан бош тортиши сабаб бўлади.
Блокада Антанта олий кенгашининг қарори билан 1919 йил 10 октябрдан кучга киради ва кейинги йилнинг 16 январигача давом этади. Ушбу қисқа давр мобайнида Россия ташқи савдода катта иқтисодий зарар кўради. Хусусан, 1918 йили деярли 89 миллион рублни ташкил этган ташқи савдо айланмаси 1919 йилга келиб 2,6 миллион рублга тушиб қолади.
Совет-фин уруши
Кейинги йирик санкциялар пакети 1939 йил СССРнинг Финляндияга бостириб киришига жавобан киритилади. АҚШ ушбу санкцияларни «маънавий эмбарго» деб атайди. Чунки совет авиацияси Хельсинкида аҳоли турар жойларини ҳам бомбардимон қилган эди. Киритилган эмбаргога кўра, СССРга самолёт эҳтиёт қисмлари, авиация учун муҳим бўлган алюминий ва авиабензин экспорт қилиш тақиқланади.Аммо орадан икки йил ўтиб, Германия СССРга ҳужум қилгач, АҚШ ва СССР иттифоқчиларга айланади ва «маънавий эмбарго» бекор қилинади.
«Бошқарилувчи технологик қолоқлик»
Иккинчи жаҳон уруши тугаб, Совуқ уруш даври бошлангач, АҚШ ва Ғарбий Европа давлатлари СССР ҳамда унинг иттифоқчиларига нисбатан бир қатор янги санкциялар киритади. Жумладан, 1948 йили АҚШ Савдо вазирлиги СССР ва Шарқий Европа мамлакатларига стратегик материаллар, қуроллар ва ускуналар экспортини чеклайди. Ушбу чекловлар кейинги йили Конгресс томонидан қабул қилинган «Экспорт назорати тўғрисида»ги қонун билан мустаҳкамланади.АҚШ бу билан тўхтамайди. 1949 йил АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларидан СССР ҳамда унинг иттифоқчи давлатларига турли товарлар, технологиялар етказиб беришни назорат қилувчи ташкилот — CoCOM тузилади. CoCOM’га 17 мамлакат аъзо бўлади, яна олтитаси эса ташкилот билан ҳамкорлик қилади. АҚШ ва Ғарб «бошқарилувчи технологик қолоқлик» стратегиясини ишлаб чиқади. Унга биноан ҳар қандай янги технологиялар ишлаб чиқарилганидан тўрт йил ўтиб, социалистик мамлакатларга экспорт қилиниши мумкин бўлади.
1950 йил Корея уруши бошлангач, АҚШ Совет иттифоқига қўйилган эмбаргони янада қатъийлаштиради. «Жанговар қонун» деб номланган ушбу қонунга кўра, АҚШ СССР ва унинг таъсири остида бўлган давлатларга стратегик товарлар ва нефть бўйича эмбарго жорий қилмаган давлатга ҳар қандай ёрдамни тўхтатишини билдиради. Шунингдек, ҳукумат СССР билан тузилган 1937 йилги савдо битимини бекор қилади ва бу совет товарларига нисбатан божхона тўловининг 4,6 бараварга ортишига олиб келади. Бироқ иттифоқдошлари босими остида АҚШ бир қатор енгилликларни ҳам бериб боради ва «Жанговар қонун» амалда ўз аҳамиятини йўқотади.
«Дўстлик»
1960 йилларда навбатдаги санкциялар қўлланилади. Бунга СССР томонидан Шарқий Европа ва ГФРга нефть етказиб берувчи «Дўстлик» қувурининг қурилиши сабаб бўлади. АҚШ совет давлатининг Ғарбий Европага нефть ва газ етказиб беришдаги фаоллигини «ҳарбий таҳдид» сифатида баҳолайди. Шундан сўнг америкаликлар советлар учун жуда муҳим бўлган йирик диаметрли қувурлар экспортига эмбарго киритади. Натижада «Дўстлик»нинг қурилиши секинлашади. Бироқ бу сафар ҳам Ғарбий Европадаги иттифоқдошлар босими остида АҚШ орадан бир неча йил ўтиб, бу тақиқни олиб ташлайди. Ушбу эмбаргони олиб ташлашда СССР Ташқи савдо вазири Николай Патоличевнинг ҳиссаси катта бўлади.Савдо тўғрисидаги қонун
1974 йил АҚШ Конгресси сенатор Ҳенри Жексон ва депутат Чарльз Ваник ташаббуси билан «Савдо тўғрисида»ги қонунни қабул қилади. Қонун АҚШ қонунчилигидаги савдода энг қулай давлат статусини бекор қилиш, фуқароларининг иммиграция ҳуқуқини чекловчи мамлакатларга нисбатан кредит сиёсатини ўзгартириш ва бозор иқтисодиётига эга бўлмаган давлатлардан АҚШга импорт қилинувчи товарларга нисбатан юқори божхона тарифларини қўллашни назарда тутади.Жексон—Ваник қонунидан сўнг СССР ва АҚШ ўртасидаги савдо алоқалари анча пасаяди. Сабаби СССР Олий Кенгаши 1972 йили фуқароларнинг иммиграция ҳуқуқини чекловчи қонунни қабул қилган эди. Бундан ташқари СССР ҳеч қачон бозор иқтисодига эга мамлакат бўлмаган. 1976 йили 2,2 миллиардни ташкил қилган совет-америка савдо ҳажми бир йилдан сўнг 1,5 миллиардга камаяди.
Ушбу эмбарго 2002 йилга келиб, Россия бозор иқтисодиётига эга мамлакат деб топилгандан сўнггина бекор қилинади.
1980—1990 йиллар
Совет иттифоқига қўйилган яна йирик эмбарголардан бири ғалла эмбаргоси эди. 1963 йили Хрушчёвнинг «маккажўхори кампанияси»дан сўнг СССРда ғалла инқирози бошланади. Совет иттифоқи ғаллани асосан АҚШдан импорт қилади. Бироқ 1979 йили СССР қўшинлари Афғонистонга киритилгач, АҚШ ғалла экспортига эмбарго қўяди. Аммо бу кутилган натижа бермайди, чунки СССР ғаллани Аргентина, Канада ва Испаниядан сотиб ола бошлайди.Афғонистонга бостириб киргани учун 1980 йили Москвадаги Олимпия ўйинлари ҳам бекор қилинади. Совет давлатининг охирги ўн йиллигида АҚШ билан муносабатлар ёмонлашади. АҚШ президенти Роналд Рейган СССРга қарши бир қатор санкцияларни жорий этади. Жумладан, 1981 йил СССР ҳаво компанияси бўлмиш «Аэрофлот»га АҚШ осмонида учиш тақиқланади.
Кейинги санкциялар тўлқинига эса 1983 йил СССР ҳаво ҳудудида Кореянинг йўловчи самолёти уриб туширилиши сабаб бўлади. Совет самолётлари учун бир қатор давлатлар ўз ҳаво ҳудудларини бир неча ойга ёпади.
АҚШ «Аэрофлот»га қўйилган тақиқни 1986 йилга келибгина бекор қилади.
СССР ва Россия санкцияларини таққослаш қанчалик тўғри?
Россия президенти Владимир Путин айтганидек, СССР ҳар доим ҳам санкциялар остида яшамаган. СССРга қўйилган санкция ва эмбарголар билан бугунги кунда Россияга киритилган санкциялар орасидаги фарқ жуда катта.Биринчидан, СССРга асосий санкцияларни кўпинча АҚШнинг ўзи қўллаган. Ғарбий Европа давлатлари эса ҳар доим ҳам бунга амал қилавермаган. Кўп ҳолларда АҚШни ушбу санкцияларни юмшатишга ва бекор қилишга даъват этган. Ҳозир эса Россияга киритилаётган санкцияларни кўплаб Европа давлатлари ўз ташаббуслари билан ишлаб чиқмоқда. Масалан, Польша, Руминия ва Болгария АҚШдан олдинроқ ўз ҳаво ҳудудларини Россия самолётлари учун ёпди.
Қолаверса, СССР ҳеч қачон хусусий компанияларнинг йирик санкцияларига дуч келмаган. Санкция ва эмбарголар бутун дунё бўйлаб қўлланилмаган ва ҳозиргидек кенг кўламда амалга оширилмаган.
Иккинчидан, СССР Россия президенти айтганидек, санкциялар остида яшамаган. Совет давлатига қўлланилган санкцияларнинг кўпчилиги бир-икки йил давом этган, холос. Совет раҳбарияти санкциялар билан курашган ва иложи борича улардан қочишга ҳаракат қилган. Совет иттифоқига нисбатан узоқроқ қўлланилган санкциялар Рейган даврида, СССРнинг Афғонистонга қўшин киритишидан сўнг содир бўлади. Бунгача СССРга жиддий ва узоқ вақт давом этувчи санкция фақатгина «Дўстлик» қувури сабаб киритилган эди.
Учинчидан эса, қанчалик аҳамияти паст бўлмасин, ушбу санкциялар СССР тараққиётига таъсир ўтказмай қўймайди. СССРнинг «улкан» ютуқларига ишлаб чиқариш ва замонавий технология сабаб эмас, шафқатсиз эксплуатация, террор, қўрқув, қаттиқ тартиб орқали эришилади. Мамлакат ривожланган давлатлар учун ўз эшикларини ёпади, ичкарида эса цензура ўрнатилади ва пропаганда ишлари изчил олиб борилади.
Айтайлик, совет деҳқонлари пахтани далада жавлон уриб, қўлда тераётган бир пайтда АҚШ ва Ғарбий Европада бу ишни машиналар бажарарди. Совет иттифоқи ўзининг кўплаб техникаларини Ғарбдан харид қилади, масалан, 1959—1963 йилларда СССР Ғарбдан 50 та тўлиқ кимёвий завод сотиб олади. 1960 йилларнинг охирга келиб эса Совет иттифоқи савдо флоти кемаларининг учдан икки қисми Ғарбда қурилган эди. Ўзининг 75 йиллик умри даврида совет давлати ҳеч қачон аҳолисини ғалла билан мустақил таъминлай олмаган ва уни муттасил импорт қилишга мажбур бўлган.
Владимир Путин «улкан» ютуқлар дея таъкидлаган ҳарбий қуролланиш ва космосни забт этиш эса охир-оқибат СССРнинг тарқалиб кетишига ва унинг иқтисодий жиҳатдан кучсиз давлатга айланиб, аҳолисини бир неча марта очарчиликка маҳкум этишига олиб келган эди.
Изоҳ (0)