Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Россия 24 февраль куни Донбассда «махсус ҳарбий операциялар» бошлаганди. Донбассдаги ҳарбий операциялар туфайли ушбу жараён бутун дунёда кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлди. «Дарё» 24 февраль куни соат 13:00 дан 23:00 гача эълон қилинган мазкур мавзуга оид хабарларни бир саҳифага жамлаб, дайжест шаклида эътиборингизга ҳавола қилади.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Россия Украинага ҳаводан берган зарбалар оқибатиРоссия ҳарбийлари Украина ҳарбий инфратузилма объектларининг 74 таси вайрон қилинганини, жумладан, 11 та аэродром ва 3 та қўмондонлик пункти, шунингдек, ҳарбий-денгиз базаси йўқ қилинганини маълум қилди. Мазкур маълумотни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков тасдиқлаган.

Шунингдек, ҳужумлар оқибатида ПВО с-300 ҳамда «Бук – М1» зенит-ракета комплексларининг 18 та радиолокация станцияси (РЛС) йўқ қилинган.

Бундан ташқари, маълумотларга кўра ҳарбий вертолёт уриб туширилган ва тўртта учувчисиз бошқариладиган «Bayraktar ТБ-2» қурилмалари ҳавода йўқ қилинган.

Россия ҳарбийлари Украинадаги махсус ҳарбий операцияларни давом эттирмоқда, ДХР ва ЛХР қўшинлари душман мудофаасини ёриб киришга уринмоқда, дея маълумот берган Россия Мудофаа вазирлигининг вакили Игорь Конашенков. Унинг сўзларига кўра, Донецк ва Луганск қўшинларининг бўлинмалари Украина қуруқликдаги ҳарбий эшелонининг ҳимоясини ёриб ўтиб, 6-8 километр ичкарига кирган. Шунингдек, Конашенков ушбу ишлар Россия артиллерияси ва армия авиациясининг кўмаги билан муваффақиятли амалга оширилганини қайд этган.

Россия дипломатик миссиялари ходимларини Украинадан эвакуация қилиш ишлари якунландиРоссия Украинадаги дипломатларини эвакуация қилишни якунлади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова маълум қилган.

«Дипломатларимизни Украинадан эвакуация қилиш ишлари тунда якунланди. Украинада хорижий муассасаларимиз – дипломатик ва консуллик идораларимиз фаолият олиб бормаяпти. Энди у ерда дипломатларимиз йўқ», — деган Захарова «НТВ» телеканали эфирида.

Киевдаги ҳаво ҳужумидан ҳимоя тревогасиКиев шаҳри давлат администрацияси Украина пойтахтида ҳаводан ҳужум хавфи мавжудлиги ҳақида хабар қилди.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

«Киевда ҳаводан ҳужум хавфи ортгани туфайли тревога эълон қилинди! Барчадан тезкорлик билан фуқаро муҳофазаси махсус жойларига яширинишни сўраймиз!» – дея хабар берган Киев шаҳри администрацияси.

Киев метросидаги поездлар ҳаракати тўхтатилган «Берестейская», «Нивки», «Святошин» ва «Житомирская» бекатлари ҳаводан ҳужум хавфи сабаб эълон қилинган тревога вақтида одамларнинг яшириниши учун махсус жойларга айланган. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко баёнот қилган. Унинг қўшимча қилишича, Киев метросидаги барча станцияларга одамлар исталган вақтда келиб жойлашиши мумкин. Харковда ҳам одамлар метро бекатларида ҳаводан бериладиган ҳужум зарбаларидан сақланишга уринмоқда.

G7 давлатлари Украинани қўллаб-қувватламоқдаКатта еттилик мамлакатларининг раҳбарлари Украинага қарши махсус ҳарбий операцияни бошлагани учун Россияни қоралаб, Киевга кўмак беришга тайёрликларини билдиришди. G7 мамлакатлари бу ҳақидаги баёнотни имзолаган.

«Россиянинг Украинага бостириб кирганини кескин қоралаймиз. Украинага ҳамдард эканимизни ва ушбу мамлакатга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигимизни билдирамиз», – дейилади ҳужжатда.

Эстонияга жойлаштирилган АҚШ қуроллариЭстониядаги Эмари авиабазасига АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг F-35 қирувчи самолётлари қўнган. Шунингдек, F35 қирувчи самолётлари Литва шимолидаги Шяуляй қишлоғига ҳам жойлаштирилган.

Эстония қуролли кучларининг бош штаби қирувчи самолётлар АҚШ ҳукумати томонидан Украинадаги вазият кескинлашгани туфайли Болтиқбўйи мамлакатлари ҳудудига йўналтирилган.

«АҚШ томонидан шу ҳафтада Эстониядаги иттифоқчиларни энг замонавий самолётлар билан кучайтириш ҳақидаги қарор мамлакатнинг ўз иттифоқдошларини ҳимоя қилишга бел боғлаганлигидан далолат бермоқда», – деган Эстония мудофаа вазири Калле Лаанет.

Шунингдек, АҚШ Болтиқбўйидаги позициясини Польшага F-35 қирувчи самолётлари, АH-64 штурм вертолётлари ва 800 нафар аскардан иборат махсус бўлинмалар юбориш орқали ҳам яхшиламоқда, дейилади Эстония бош штаби ахборотида.

Литва Мудофаа вазирлиги эса Литва, Латвия ва Эстонияга 800 га яқин ҳарбийлар, 8 та F-35 қирувчи самолётлари, 20 та АH-64 Апаче вертолётлари ажратилганини билдирган.

Россиядаги ва бутун дунёдаги Украинага қилинган ҳужумни қоралаб ўтказилаётган норозилик намойишлари24 февраль куни Россиянинг бир нечта шаҳарларида Украинага қарши бошланган урушга нисбатан норозилик намойишлари ўтказилди. «ОВД-Инфо» маълумотлари бўйича Москва вақти билан 20:39 ҳолатига (Тошкент вақти билан 22:39) мамлакатнинг 44 та шаҳрида мингга яқин одам ҳибсга олинган. Москванинг ўзида 472 нафар киши қўлга олинган.

Шунингдек, Латвия, Эстония, Польша, Австралия, Япония, Германия, Испания, Ливан, Швеция, Норвегия, Исроил, Нидерландия ва Франция каби давлатларда аҳоли Украинага эълон қилинган урушни қоралаб, кўчаларга чиқиб норозилик намойишлари ўтказган. Улар Россия элчихоналари ёнига Украина байроқларини кўтарган ҳолда чиқиб, урушни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Буюк Британия Россия ва Беларусга қарши санкциялар қўлладиБуюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россияга қарши янги санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда Sky News ва BBC хабар тарқатган.

Янги санкциялар қуйидаги чекловлар ва тақиқларни қамраб олган:

100 га яқин россиялик жисмоний шахслар ва компанияларга санкциялар қўлланилди. ВТБ, «Ростех» ва Владимир Путиннинг куёви эканлиги тахмин қилинадиган Кирилл Шамалов шулар жумласидан;

  • «Аэрофлот»нинг Буюк Британия ҳудудига парвозларига тақиқ қўйилди;
  • Россия фуқаролари Британия банкларида сақлаши мумкин бўлган маблағларга чекловлар белгиланди;
  • Россиянинг катта компанияларининг Британия бозорини молиялаштиришига тақиқ қўйилди;
  • Россияга юқори технологиялар ва нефтни қайта ишлаш ускуналарининг экспорти тақиқланди.
Худди шундай санкциялар Беларусга нисбатан ҳам жорий қилинган.

Путин Украинадаги махсус ҳарбий операция иложсизлик оқибатида амалга оширилгани ҳақида гапирди«Содир бўлаётган ишлар иложсизлик сабаб амалга оширилган чора. Бошқача йўл тутишимизга имкон қолдиришмади. Хавфсизлик борасидаги хавотирлар оқибатида бошқача воситалар билан жавоб бериш иложсиз бўлиб қолди. Барча уринишлар (дипломатик йўл) самарасиз бўлди. Ростини айтсам, ўзим ҳам ҳайратдаман. Ҳеч бир масалада вазият лоақал бир миллиметрга ҳам ўзгармади», — деган Путин.

У Россия Украинада ҳарбий операциялар бошламаганида бундан ҳам оғирроқ таваккалларга дуч келинишининг эҳтимоли ошишини билдирди.

«Шундай таҳдидлар юзага келардики, буёғига мавҳумлик чўққига чиқиб, мамлакат бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди. Албатта, биз қандай дунёда яшаётганимизни яхши тушунамиз, қарама-қаршиликлар ва санкциялар сиёсати бўлишидан ҳам хабардормиз», — дея қайд этган Россия президенти.

Зеленский нима демоқда?Украина тинчлик ўрнатиш йўлига қайтиш керак деб ҳисоблайди, дея баёнот қилган мамлакат президенти Владимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра Украина армиясида йўқотишлар мавжуд, бироқ ҳарбийлар Россиянинг кўплаб самолётлари ва бронотехникасини ҳам йўқ қилган.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

«Уруш йўлини Украина танлагани йўқ, бироқ Украина тинчлик ўрнатиш учун музокараларга қайтишни таклиф қилади»,— деган Зеленский ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомурожаатида.

У Россияда урушга қарши норозилик намойишларига чиққан аҳолида ҳукуматдан урушни тўхтатишни талаб қилишни сўради.

«Бизни эшитаётган, дардимизни тушунаётган бўлсангиз, Россиянинг суверен давлат чегарасини бузиб бостириб кирганини англаган бўлсангиз, илтимос, майдонларга чиқинг, ўз мамлакатингиз президентига мурожаат қилинг. Биз, украиналиклар ҳозир ўз еримиздамиз»,— дея таъкидлаган Зеленский.

Жо Байден ҳам Украинага бостириб кирган Россияга қарши санкциялар қўлланилганини  эълон қилди

АҚШ президенти Жо Байден Россия Украина ҳудудига бостириб киргани ва у ерда ҳарбий операцияларни бошлагани учун мамлакатга нисбатан янги санкциялар жорий қилди.

Санкцияларда қуйидагилар кўзда тутилган:

  • Россия бизнесининг доллар, евро, фунт ва иенадаги операциялари чекланади;
  • Россияга юқори технология маҳсулотлари импортида 50 фоизлик чекловлар белгиланади;
  • Россиянинг 4 та банки, жумладан, ВТБга нисбатан санкциялар;
  • АҚШ ва EИ бозорларида Россия давлат компанияларининг муносабатлари чекланди;
  • Россиялик амалдорлар, катта бизнесменлар ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан санкциялар қўлланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Тез ёрдам машинаси 5 йилда икки бараварга кўпайди, битта чақирув дориси 640 сўмдан 7,5 минг сўмга ошди”. “Дарё” тиббиётдаги ўзгаришларни Наманган вилояти мисолида...
Спорт
Бундеслига. “Боруссия Д” ўз майдонида рақибини тор-мор этди 
Шоу-бизнес
Instagram: Аэропортда дабдаба билан кутиб олинган Liil Хуррамов, қўшиқ куйлаган Абдуҳошим Исмоилов, янги раққосаларни кашф этаётган Юлдуз Усмонова